ЖИНОЯТ ҚИДИРУВИ – ички ишлар органларининг алоҳида тизими. Тезкор–қидирувни ва ўз ваколат доирасига кирувчи бошқа ишлар – шахсга, фуқароларнинг шахсий мулкига. жамоат тартибига ва хавфсизлигига қарши қаратилган жиноятларнинг олдини олиш, пайини қирқиш ҳамда уларни очиш ва ҳ. к. чора-тадбирларни амалга оширади. Жиноят аломатлари ва жиноят содир этган шахсларни аниқлаш, қидириш ва топиш ишлари ЎзРда ички ишлар ва миллий хавфсизлик хизмати органлари томонидан бажарилади. ЖПК қоидаларига биноан жиноят иши юзасидан далил тариқасида фойдаланиш мумкин бўлган маълумотлар қидирилади. Айбланувчининг турган жойи номаълум бўлган тақдирда тергов шу жойни аниқлаш учун барча чораларни кўриш, зарур ҳолларда, айбланувчи сифатида ишда иштирок этишга жалб этилиши тўғрисида қарор чиқарилган шахсга нисбатан қидирув эълон қилиши лозим. Дастлабки тергов ўтказилаётганида ҳам, бундай тергов тўхтатилганидан кейин ҳам қидирув эълон этилиши мумкин. Қамоққа олиш асослари мавжуд бўлган, қидирилаётган айбланувчи топилган тақдирда терговчи эҳтиёт чорасини қўллайди. Айбланувчи бирон жойда ушланган тақдирда эса, ўша жойдаги прокурор мазкур шахс айни қидирилаётган айбловчи эканлигини аниқлаши ва уни қамоққа олиш учун қонуний асослар мавжудлигига ишонч ҳосил қилиши даркор (ЖПК 227-м.). (муал. – З.Иноғомжонова)