Yangi hujjatlar

ЖИНОЯТ ИШИДА ФУҚАРОВИЙ ДАЪВО

ЖИНОЯТ ИШИДА ФУҚАРОВИЙ ДАЪВО – жиноят оқибатида ёки ақли норасо шахснинг ижтимоий хавфли қилмиши натижасида келтирилган моддий зарарни ундириш тўғрисидаги талаб. Бу даъво жиноят иши юзасидан тергов ва суд бўлаётган вақтда айбдорга ёки унинг ҳаракатлари учун зиммасига моддий жавобгарлик юклатилган шахсларга нисбатан қўзғатилиб, судда жиноят иши б-н бирга кўрилади (ЖПК, 276-м.). Бундай даъвони жабрланган ҳар қандай шахс, шу жумладан, вафот этган одамнинг қарамоғида бўлганлар ҳам қўзғатишга ҳақли Ж.и.ф.д. давлат пошлинаси тўлашдан озод қилинади. Бундай даъво жиноят иши қўзғатилган вақтдан бошлаб суд тергови бошлангунга қадар қўзғатилиши мумкин. Даъво жиноят иши бўйича тергов олиб бораётган орган ёки судга берилади. Суриштирувчи, терговчи, прокурор – қарор, суд эса – ажрим чиқариб, даъво қўзғатган шахсни фуқаровий даьвогар деб тан олади. Давлат ёки жамоат манфаатларини, шунингдек, фуқаро ҳуқуқларини муҳофаза қилиш учун зарур бўлган ҳолларда прокурор ҳам даъво қўзғатади ёки жабрланувчининг даъвосини қўллаб–қувватлайди. Ж.и.ф.д.ни таъминлаш мақсадида айбланувчининг, гумон остидаги шахснинг ёки фуқаровий жавобгарнинг мулки хатлаб қўйилади (290-м.). Кўзғатилган даъвонинг асосли экани масаласини суд ҳукм чиқараётган пайтда ҳал қилади (457-м.). Суд судланувчини айбдор деб топиб, Ж.и.ф.д.нинг асослари ва миқдорини қанчалик исбот этганига қараб, уни тўла ёки қисман қаноатлантиради ёхуд жиноят оқибатида моддий зарар етказилмаган деб топса, даъвони рад қилади. (муал. – З.Иноғомжонова)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига