ЖИНОЯТ-ИЖРОИЯ ҲУҚУҚИ – жазони ижро этиш ва қўллаш тартиби ва шарт-шароитларини тартибга солувчи юридик нормалар йиғиндисидан иборат бўлган ҳуқуқнинг мустақил тармоғи, алоҳида фан ва ўқув курси. ЎзР жиноят–ижроия қонунлари маҳкумларни тузатиш, маҳкумлар ва б. шахслар томонидан янги жиноятлар содир этилишининг олдини олишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Ж-и.ҳ.нинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат: 1) маҳкумларни тузатишнинг асосий воситаларини аниқлаш; 2) уларнинг ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш; 3) маҳкумларга ижтимоий адаптация (мослашуви)да ёрдам кўрсатиш. Ж-и.ҳ.нинг асосий манбаи 1997 й. 25 апр. қабул қилинган ва 1997 й. 1 окт. кучга кирган ЎзР Жиноят–ижроия кодекси ҳисобланади. Жиноий жазони ижро этиш содир этилган жиноят учун фақат жазо беришдан иборат бўлмай, балки маҳкумларни тузатиш ва қайта тарбиялашга ҳам хизмат қилади. Жазони амалга оширишда жисмоний азоб бериш ёки инсоний қадр-қимматларини камситишга йўл қўйилмайди. Жазони ижро этиш учун суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ажрими ёки қарори асос бўлади (ЖИК 5-м.). (муал. – С.Ниёзова)