Yangi hujjatlar

ЖИНОЯТ–ПРОЦЕССУАЛ КОДЕКСИ (ЖПК)

ЖИНОЯТ–ПРОЦЕССУАЛ КОДЕКСИ (ЖПК) – жиноят иши юзасидан тергов қилиш ва ишни судда кўриш тартибини белгилайдиган қонунларнинг муайян тизимга солинган мажмуи. ЖПК суриштирув, дастлабки тергов органлари, прокурор ва суднинг жиноят ишини қўзғатишдан бошлаб, судда кўрилиб ҳал қилингунгача бўлган фаолиятини, тергов, суд ҳаракатларини ўтказиш, далил йиғиш, процессуал муҳлатлар, жиноят ишини қўзғатиш, рад этиш, уни тугатиш ва тўхтатиш, айбдорни судга беришни, шунингдек, ишни апелляция, кассация, назорат тартибида ва янги очилган ҳолатлар бўйича қайтадан кўришни ҳамда ҳукм ижросига оид масалаларни тартибга солади. Мустақилликка эришишгача ЎзРда 1922 й. РСФСР ЖПКси, 1926, 1929 ва 1959 й. ЎзССР ЖПКлари амалда бўлган. Амалдаги ЖПК 1994 й. 22 сент.да қабул қилинган. Унда жиноят ишини текширишда фуқароларнинг, жамоатчилик, корхона, муассаса ва ташкилот вакилларининг қатнашуви ва процессуал ҳуқуқлари ҳам баён қилинган. ЖПК умумий ва махсус қисмлардан, 13 бўлим, 62 боб, 586 моддадан иборат. ЖПК нормалари жиноятни тез ва тўла очиш, ҳақиқатни аниқлаш, айбдорни одилона жазолаш учун хизмат қилади. Кодекснинг охирги боблари алоҳида тартибда юритиладиган, жумладан, вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ва ярашувга оид ишларни юритишга бағишланган. (муал. – М.Баратов)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига