ЖИНОЯТ СОДИР ЭТИШ МАҚСАДИ – жиноят субъектив томонининг факультатив белгиларидан бири. Ж.с.э.м. қилмишни тўғри квалификация қилишда, жиноятни бошқа жиноят таркибидан фарқлаш ва адолатли жазо тайинлашда муҳим аҳамиятга эга. Баъзи ҳолларда ж.с.э.м. жиноятнинг зарурий белгиси, бошқа ҳолларда жазони оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланади. Ж.с.э.м. жиноятнинг мотиви каби фақат қасддан содир этилган жиноятларга хосдир. Ж.с.э.м. жиноят ҳуқуқи нормаларида аниқ кўрсатиб ўтилади. Мас. таъмагирлик ниятида одам ўлдириш (97 -м., 2-қ. “и” б.), ўлган одамнинг органлари ёки танасининг аъзоларини трансплантация қилиш мақсадида олиш (133-м.). Лекин бир катор нормаларда мақсад аниқ кўрсатилмасдан фақат умумий тавсифи берилган, холос. Мас., мансабдор шахс томонидан таъмагирлик ёки бошқа манфаатдорлик мақсадида била туриб расмий ҳужжатларга ёлғон ёзувлар ва маълумотлар киритиб қўйиш (209-м.) ва ҳ.к.). Жиноятни квалификация қилишда ж.с.э.м. аҳамиятга эга. Мас. талон-тарож қилишнинг мотиви ғараз; қўшмачиликники эса таъмагирлик ёки бошқа истаклар (ЖК 131-м.), одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллашнинг муҳим белгиси – шаҳвоний ёки бошқа мақсадларда фойдаланиш (135-м.); урушни тарғиб қилишда – агрессияни келтириб чикариш; терроризмда – халқаро муносабатларни мураккаблаштириш ёки ЎзРда вазиятни ёмонлаштириш. Кўп ҳолларда ж.с.э.м. мақсади жазони оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланади. Мас., ғаразли мақсадларда одам ўлдириш, миллий ёки ирқий адоват замирида одам ўлдириш, киши аъзоларини кесиб олиш ва улардан фойдаланиш мақсадида одам ўлдириш (97-м. 2-қ.), инсон тўқималари ёки аъзоларини ғараз ёки бошқа ниятларда кесиб олиш ва трансплантация қилиш (133-м. 2-қ.), одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллаш, агар ЎзРдан ташқарига олиб чиқиб кетиш мақсадида қилинса (135-м. 3-қ.) ва ҳ. Айрим ҳолларда ж.с.э.м. жазо тайинлашда эътиборга олиниши мумкин Мас., қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш мақсадида жиноятчини ушлаш вақтида унга шикаст етказилса, айбни енгиллаштирувчи ҳолат бўлиб ҳисобланади. Миллий, ирқий ёхуд диний адоват, ғараз ёки паст ниятларда жиноят содир қилинса, айбни оғирлаштирувчи ҳолат бўлиб ҳисобланади. (муал. – Э.Турғунбоев)