ЖИНОЯТ СОДИР ҚИЛИШ БОСҚИЧЛАРИ – қасддан жиноят содир этишнинг муайян босқичи бўлиб, жиноятга тайёргарлик кўриш, жиноятга суиқасд қилиш ва охирига етказилган жиноятларда ифодаланади. Ж.с.қ.б. тушунчасига жиноят ҳуқуқида жиноий фаолиятнинг ривожланиш босқичлари деб қаралади. Қонун охирига етказилмаган жиноятнинг қуйидаги босқичларини белгилайди: жиноятга тайёргарлик кўриш; жиноят содир этишга қасд қилиш. Жиноятга тайёргарлик кўриш фақат тўғри қасд б-н содир этилади. Шахс, жиноят содир этишга тайёргарлик кўрар экан, ўз тайёргарлик ҳаракатларининг ижтимоий хавфлилигини англайди, бундай ҳаракатлари б-н кўзланган жиноятни содир этиш учун шарт-шароит яратаётганини тушунади. Жиноятга тайёргарлик кўриш жиноий фаолиятнинг дастлабки босқичи ҳисобланади ва б. босқичларга қараганда ижтимоий хавфлилик даражасининг камлиги б-н тавсифланади. Жиноят содир этишга суиқасд қилиш – бу қасддан содир этиладиган жиноят объектив томонининг таркибий қисми ҳисобланган тугалланмаган ёки айбдор истаган натижага олиб келмаган ҳаракат (ҳаракатсизлик). Жиноят содир этишга суиқасд қилишга қонунда берилган таърифнинг мазмунига қараб жиноий фаолиятнинг мазкур босқичини тавсифловчи аломатларни аниқлаш мумкин. Уларга қуйидагилар киради: жиноят содир этишга бевосита йўналтирилган ҳаракат (ҳаракатсизлик); тамом бўлмаган жиноят; жиноят тугалланмай қолишига олиб келган ва жиноят содир этишга қасд қилган шахсга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар. Тамом бўлган жиноят бу жиноятчи шахси томонидан содир этилган Жиноят қонуни б-н тақиқланган ижтимоий хавфли қилмишни ҳеч бир тўсиқларсиз охирига етказа олганлигида ифодаланади (ЖК 25–26-м.). (муал. – Ғ.Абдумажидов)