Yangi hujjatlar

ЖИНОЯТ ТАРКИБИ

ЖИНОЯТ ТАРКИБИ – ЖК 16-м. 2–қ. жиноят учун жавобгарлик ва унинг асослари белгиланган бўлиб, унга биноан, фақат Кодексда назарда тутилган Ж.т.нинг барча аломатлари мавжуд бўлган қилмишни содир этиш жавобгарликка тортиш учун асос бўлади дейилган.

Жиноят таркиби ҳақидаги таълимот жиноят ҳуқуқи фанининг марказий масалаларидан биридир. Ж.т.нинг тўғри аниқланиши жиноятни хатосиз квалификация қилиш учун асос ҳисобланади. Бу эса ўз навбатида одил судловни амалга ошириш ва қонунчиликни мустаҳкамлаш ҳамда пировард натижада айбланувчининг тақдирини ҳал этишда катта аҳамиятга эга. Жиноят ҳуқуқининг Умумий қисмига оид масалаларни ҳал этиш Махсус қисмидаги ҳар бир Ж.т. тўғрисидаги таълимот б-н узвий боғлиқ равишда олиб борилиши зарур.

Ижтимоий хавфли қилмишнинг жиноийлигини аниқлаш (криминализация қилиш) воситаси фақат Ж.т.дир.

Бирор қилмишнинг жиноийлигини эътироф этиш унинг ижтимоий хавфлик даражасини аниқлашни талаб этади.

Жиноятни таснифлашда ҳам жиноят таркиби катта аҳамиятга эга. Муайян жиноятларнинг алоҳида белгилари туфайлигина бир жиноятни бошқасидан фарқлаш мумкин. Мас., ўғрилик бировнинг мулкини яширин равишда талон–тарож қилиш бўлиб, талончилик эса очикдан–очиқ талон–тарож қилишдир.

Ж.т.нинг бир неча вазифаси мавжуд :

1) жамият учун хавфли қилмишнинг жиноийлигини аниқлаш воситаси;

2) жиноий жавобгарлик учун асос бўлиши;

3) жиноятчилик даражасини аниқлашда қонунчилик андозаси бўлиши;

4) жиноятларни фарқловчи восита сифатида хизмат қилиши

Ж.т.нинг турлари: жиноятлар моддий, формал ва кесик таркибларга ажратилади.

Моддий таркибли жиноятлар натижасида бирон-бир моддий оқибат келиб чиққани ёки келиб чиқиши мумкин бўлади. Мас., қасддан одам ўлдириш натижасида зарарли оқибат, яъни ўлим юз берган бўлиши керак. Айрим ҳолларда объектив ва субъектив сабабларга кўра ўлим юз бермаган бўлса, айбдор қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилганлик учун жавобгарликка тортилади.

Формал таркибли жиноятда бирор-бир зарарли окибатнинг келиб чикиши шарт бўлмай, оқибат юз берганидан қатъи назар жиноят ҳисобланади. Ижтимоий хавфли ҳаракат содир этган шахсни жиноий жавобгарликка тортиш учун уни ижтимоий хавфли қилмиши содир этганлигини аниқлаш кифоя. Мас., уйдирмалар тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этанлигини аниқлаш лозим. Бундай ҳолларда жиноий жавобгарликка тортиш учун жиноят содир этилганлиги натижасида оқибатнинг вужудга келиши шарт эмас.

Кесик таркибли жиноят – унга тайёргарлик кўриш ёки суиқасд қилиш босқичидаёқ охирига етказилган, тугалланган жиноят деб ҳисобланади. Мас., босқинчилик ёки товламачилик ёхуд жиноий уюшма ташкил этиш.

Ж.т. оддий ва мураккаб турларга бўлинади. Оддий жиноятларда жиноят таркибининг ҳар бир элементи битта бўлади: 1та объект, 1та ҳаракат(ҳаракатсизлик), 1 та оқибат, 1та айб шакли ва ҳ.к. Мас., ЖК 97-м. 1–қ. “Қасддан одам ўлдириш”.

Мураккаб жиноятларда жиноят таркиби элементларининг ҳар бири ёки бир нечтаси иккита ва ундан кўп бўлади. Мас., икки объектли ёки кўп объектли жиноятлар, бир неча оқибат келтириб чиқарувчи жиноятлар ва ҳ.к. Мас., босқинчилик мулкка ва шахснинг соғлигига тажовуз қилишдан иборат. (муал. – Э.Турғунбоев)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига