ЖИНОЯТ ҲУҚУҚИЙ НОРМАЛАРНИНГ САНКЦИЯСИ – ЖК Махсус қисмида кўрсатилган жиноят учун белгиланган жазо чораси. Унда жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига қараб жазонинг тури ва ҳажми муддатлари. Санкцияда қўшимча жазолар ҳам кўрсатилиши мумкин. Амалдаги ЖКда санкциянинг икки туридан фойдаланилган: нисбий муайян санкция ва альтернатив санкция. Нисбий муайян санкцияда битта муайян жазо назарда тутилади ва унинг энг кам ва энг кўп чегараси кўрсатилади, (Мас., ЖК 166-м.нинг 2-қ.да уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўрсатилган). Айрим м.ларда эса жазонинг энг кўп қисми кўрсатилиб, энг кам қисми кўрсатилмайди. Мас., ЖК 98-м. санкциясида беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган бўлиб, жазо муддатининг энг ками қанча бўлиши кўрсатилмаган. Альтернатив санкцияда асосий жазо сифатида тайинланиши мумкин бўлган икки ёки ундан кўп жазо турлари кўрсатилади. Альтернатив санкция судга муайян жиноят иши учун ҳукм чиқариш вақтида жиноятнинг хусусияти, ижтимоий хавфлилик даражаси, жиноятчи шахсининг ижтимоий хавфлилик даражасини ҳисобга олиб жазо танлашга имкон беради. ЖК Махсус қисмидаги кўпчилик м.нинг санкцияси альтернатив шаклда берилган. Фақат оғир ва ўта оғир жиноятларнинг санкцияларигина нисбий муайян санкция шаклида берилган. Амалдаги ЖК мутлоқ санкция назарда тутилмаган. Мутлоқ санкцияда битта жазо тури ва қатъий муддати кўрсатилади. (муал. – Б.Ахроров)