ЖИНОЯТ ҚУРОЛЛАРИ – шахс жиноятни содир этиш учун тайёрлаган ёки фойдаланган ҳар қандай предмет, мас., совуқ қуроллар, транспорт воситалари, асбоб–ускуна ва ҳ.к. бўлиши мумкин. Улар жиноят таркиби белгиларига қўшилади, чунки улар жиноят содир қилишини енгиллаштиради, жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги даражасини оширади. Жиноят содир қилиш қуроли жиноят содир қилиш воситаларининг бир қисмини ташкил этади. Жиноят содир қилиш қуроли ва воситасининг ўртасида фарқ бор. Жиноят содир қилиш учун айнан қандай предметнинг ишлатилиши, бу предмет ҳуқуқий норма б-н тақиқланган ёки тақиқланмаган эканини аниқлаш лозим. Физикавий, кимёвий ва биологик таъсирни таъминловчи, ҳужум қилиш ва ҳимояланиш воситалари сифатида стандарт қуроллар б-н бир қаторда турлича қўлбола усулда тайёрланган ўқотар қуроллар ва портловчи мослама, қурилмалардан ҳам фойдаланилади. Ж.қ. сифатида ядровий, кимёвий, бактериологик, минали портловчи, ўқотар ва совуқ қуроллар ҳам учрайди. Ж.қ. жиноий ҳаракатни содир этишда ишлатиладиган буюм, предметлар. Буларни жиноятнинг айрим турларига кўра гуруҳлаш мумкин: ўғирликни содир этишда турли тўсиқларни бузишда қўлланиладиган буюмлар, (уй-рўзғор анжомлари, теша, болта, пичоқ ва б.); слесарлик, дурадгорлик асбоблари (омбир, арра, эгов, ва б.); махсус тайёрланган, ясалган совуқ қуроллар (ихчам лом, кафтга илдириб синдириш ва парчалаш ҳаракатига мўлжалланган темир, қўрғошин ва б. ясалган кафтга бойланадиган юмалоқ “наладонник”, кастет – тўрт бармоққа кийилиб зарба беришга мосланган, темир, пластик ёки ёғочдан ясалган мослама). Мас., босқинчилик ёки безорилик жиноятида ишлатиладиган ўқотар қурол, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш қоидаларини бузиш жиноятида – портловчи моддалар ёки заҳарли–кимёвий моддалар тақиқланган (ЖК 31-м.).
Қотиллик жиноятларини содир этишда, шунингдек, тан жароҳати етказишда юқорида келтирилган қуроллар қаторига ҳарбий бўлган отиш ва совуқ қуроллар киради. Жиноий иши юзасидан юқорида келтирилган барча объектлар ашёвий далил сифатида таърифланади, зарурат бўлган ҳолларда экспертиза текширувидан ўтказилади. Ж.қ. суднинг ҳукмига асосан мусодара қилинади (ЖПК 211-м.). (муал. – А.Норбоев)