ЖИНОЯТЧИЛИК – маълум бир давлатда (минтақада) муайян давр мобайнида содир этилган барча жиноятларнинг йиғиндиси. Ж. тарихан ўзгарувчан ҳодисадир, чунки турли ижтимоий–иқтисодий тизимларда жиноятчилик ҳолати бир хил бўлмайди. Унинг даражаси ва тузилиши ҳам маълум бир тузум ривожининг турли босқичларида жиноятларнинг сабаблари ва имкон яратувчи шарт-шароитларга боғлиқ ҳолда, шунингдек, давлат томонидан жиноят деб топилган қилмишлар доирасидан келиб чиқиб ўзгариб туради. Ж.нинг ўзгарувчанлигини жиноят қонунлари ривожининг тарихи ҳам кўрсатиб туради. Мас., ЎзССРнинг 1959 й.ги ЖКдаги бир қанча жиноятлар ЎзРнинг 1994 й.ги ЖКга киритилмади ва, аксинча, 1959 й.ги ЖКда мавжуд бўлмаган 60 га яқин жиноятлар учун 1994 й.ги ЖКда жавобгарлик белгиланди. Ж. – ижтимоий ҳодисадир. Чунки унинг субъектлари бўлган шахслар–жамиятнинг аъзолари ҳисобланади. Ж.нинг ижтимоий ҳодиса эканлиги унинг асосида ижтимоий–иқтисодий қонунлар ётишига, ишлаб чиқариш муносабатлари ва ишлаб чиқарувчи кучларнинг хусусиятига асосланишида намоён бўлади. Жиноятчиликни ижтимоий хусусиятга эга бўлган сабаб ва шарт-шароитлар вужудга келтиради. Ж. бир қанча жиноятларнинг статистик йиғиндиси бўлмай, балки ижтимоий–ҳуқуқий ҳодиса ҳисобланади. Ҳар қандай ижтимоий ҳодиса сингари Ж. жамиятдаги иқтисодий, сиёсий, ғоявий, руҳий ҳолат, бошқарув, ҳуқуқ ва ҳ.к. б-н боғлиқ ва ўзаро алоқадор бўлган сабабият ва оқибат қонуниятларига бўйсунади. Ж.нинг изчиллиги ва хусусияти жамиятда мавжуд бўлган ижтимоий жараёнлардаги қарама–қаршиликлар, криминоген, антикриминоген, аралаш хусусиятдаги ҳодисалар б-н бевосита боғлиқ бўлади. Ж. тушунчасининг асосий элементи бўлган жиноятнинг таърифи жиноят ҳуқуқида берилган. Ж. – жазо тайинлаш таҳдиди б-н, жиноят қонуни б-н тақиқланган ижтимоий хавфли ва қонунга хилоф қилмиш ҳисобланади. Ж. ва унинг турларининг соф криминологик тушунчалари мавжуд эмас, уларнинг барчасига жиноят ҳуқуқида қатъий баҳо берилган. Ж. жиноятларнинг яхлит йиғиндиси, тизимидир. У маълум тизимга оид хусусиятлар, яъни яхлит Ж.ка кирувчи жиноятларнинг барқарор, ўзаро алоқадорлиги ва б. ташқи ижтимоий ҳодисалар б-н боғлиқдир. Унинг элементлари бўлган алоҳида турдаги жиноятлар ва уларнинг гуруҳлари бир-бири б-н муайян статистик ўлчамларда ўзаро алоқадор ва ўзаро ҳаракатда бўлади. Ж. муайян бир ҳудудда ва маълум бир вақтда содир этилган аниқ жиноятлардан ташкил топади. (муал. – С.Ниёзова)