ЖИНОЯТЧИЛИК ДАРАЖАСИ – содир қилинган жиноятлар миқдорининг аҳоли сонига нисбатан ўлчанадиган миқдор ва сифат кўрсаткичлари. Жиноят содир этилганлиги тўғрисидаги аризалар ва жабрланувчиларнинг мурожаатлари; рўйхатга олинган жиноятлар, жиноят содир этган шахслар; жиноят содир этишда айбдор деб топилиб, уларга нисбатан суднинг ҳукми чиққан маҳкумлар сони бўйича аниқланади. Ж.д. баҳолашда эҳтимол тутилган жиноятчилик, яъни расмий статистик маълумотларда акс эттирилмаган латент жиноятчилик миқдори ҳам эътиборга олинади. Латент жиноятчилик яширин ёки яширилган жиноятчиликдан иборатдир. Биринчи хил жиноятлар ўзига хос хусусиятларига кўра ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига маълум бўлмайди. Иккинчи хилдаги латент жиноятчилик эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг қонунга зид хатти-ҳаракати натижасида расмий ҳисоботларда ўз аксини топмайди. Барча жиноятларнинг латентлик даражаси бир хилда эмас. Қасддан одам ўлдириш, қасддан баданга оғир шикаст етказишнинг латентлик даражаси жуда паст, порахўрлик каби жиноятларнинг латентлик даражаси юқоридир. Жиноятлар латентлигини вужудга келтирувчи омилларга: а) жабрланувчининг жиноятнинг ошкор бўлишини истамаслиги; б) жиноят туфайли етказилган зарар миқдорининг кам эканлиги; в) жабрланувчининг вақти йўқлиги; г) жабрланувчида жиноятчининг жазога тортилишига ишончнинг йўқлиги; д) гувоҳларнинг жиноятчига мойил муносабатда бўлиши; е) жиноятчининг ўч олишидан кўрқиш; ж) жабрланувчининг жиноятчи б-н келишуви киради. (муал. – С.Ниёзова)