ЖИНОЯТЧИЛИККА ҚАРШИ КУРАШ СОҲАСИДАГИ ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК – барча долзарб муаммолар каби жиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги давлатлар ўртасидаги халқаро ҳамкорлик. Мамлакатларнинг жиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлиги масалалари б-н БМТ органларидан бири–Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаш (ЭКОСОС) бевосита шуғулланади. 1950 й. бу кенгаш таркибида Жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарларга нисбатан муносабат билдириши бўйича экспертлар қўмитаси таъсис этилди. 1971 й.да у жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши кураш қўмитаси, 1993 й.да эса – Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноят адлияси бўйича комиссия деб қайта номланди. Мазкур нуфузли ташкилот жиноятчиликка қарши янада самарали кураш олиб бориш ва ҳуқуқбузарларга нисбатан инсонпарварлик муносабатида бўлишга қаратилган тавсия ва таклифлар тақдим этади. БМТ Бош Ассамблеяси томонидан мазкур орган зиммасига ҳар 5 й.да бир марта Жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарларга нисбатан муносабат бўйича БМТ конгрессларини тайёрлаш вазифаси юклатилган. Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноят адлиясига доир халқаро қоидалар, стандартлар ва тавсиялар ишлаб чиқишда БМТ конгресслари асосий роль ўйнайди. Ҳозирги вақтгача 9 конгресс ўтказилган. Ж.қ.к.с.х.ҳ. субъектлари орасида ноҳукумат ташкилотлардан: Жиноят ҳуқуқи халқаро уюшмаси, Халқаро криминологик жамият, Ижтимоий ҳимоя халқаро жамияти ва Халқаро жиноят ва пенитенциар фонди фаолият кўрсатади. Жиноят ҳуқуқи халқаро уюшмаси 1924 й. ташкил топган. У жиноятчиликни, унинг сабабларини ва унга қарши кураш воситаларини тадқиқ қилади, қиёсий таҳлиллар б-н шуғулланади, халқаро конгресслар ўтказилишини ташкил қилади, БМТ, ЮНЕСКО ва б. халқаро ташкилотларга маслаҳатлар беради. Халқаро криминологик жамият 1934 й.да ташкил этилган бўлиб, Ж.қ.к.с.х.ҳни таъминлаш б-н бевосита шуғулланади. У криминология соҳасидаги миллий и-тлар ва мутахассисларни бирлаштиради. Халқаро криминологик жамият ЭКОСОС, БМТ ва ЮНЕСКО маслаҳатчиси мақомига эга. Мазкур жамият халқаро миқёсда жиноятчиликнинг сабабларини ўрганади, криминологик конгресслар, семинарлар, коллоквиумлар ташкил қилади, уларнинг материалларини эълон қилади, миллий криминологик и-тларга ёрдам кўрсатади, криминология фанини рағбатлантириш учун стипендия ва мукофотлар таъсис этади ва тайинлайди. Ижтимоий ҳимоя халқаро жамияти ва Халқаро жиноят ва пенитенциар фонди ҳам ўз соҳасида шунга ўхшаш ишларни амалга оширади. Халқаро ҳамкорликда Халқаро жиноят полицияси ташкилоти (Интерпол) алоҳида ўрин тутади. У 1923 й. Венада дастлаб халқаро жиноят полицияси комиссияси тарзида ташкил этилган. Интерпол ноҳукумат ташкилотдан ҳукуматлараро ташкилотга айланди. Ҳозирда у 170 дан ортиқ давлатни бирлаштиради. Интерполнинг олий органи Бош ассамблея ҳисобланади. Унинг сессиялари й.да бир марта ўтказилади. Ижро этувчи қўмита минтақаларнинг вакилларидан ташкил топади. Мунтазам ишловчи аппарати котибият ҳисобланади. Ҳужжатларни илмий тайёрлаш учун маслаҳатчилар и-ти фаолият кўрсатади. Бошқа халқаро ташкилотлардан фарқли ўлароқ, Интерпол ҳар бир мамлакатда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам ўз миллий марказий бюросига эгадир. Интерпол ўз Уставига биноан мамлакатларда амал қилувчи қонунлар доирасида жиноят полицияси органларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди ва ривожлантиради, жиноятчиликнинг олдини олишга ёрдам берадиган муассасаларни ташкил этади ва ривожлантиради. Унинг асосий иши – ахборотлар қабул қилиш, таҳлил қилиш ва бериш йўли б-н муайян жиноят ишлари бўйича ҳамкорликни ташкил этишдан иборат. (муал. – С.Ниёзова)