ЖИНОЯТЧИЛИКНИ ҚИЁСИЙ ТАҲЛИЛ ҚИЛИШ –жиноятчиликнинг умумжаҳон, минтақавий ва миллий ва б. ўзига хос хусусиятлари, унинг асосий сабаблари ва унга қарши кураш чораларини, шунингдек, жиноятчиликнинг келиб чиқиши, шарт-шароитлари ва уларнинг олдини олиш ҳақидаги асосий назарияларни қиёсий ўрганиш. Ж.қ.т.қ. дастлаб 1901 й.да Италия, Франция, Испания, Австрия, Германия, Англия, Шотландия ва Ирландияда ўтказилган, 1911 й.да эса халқаро қиёсий тадқиқотлар учун ягона кўрсаткичлар тизими таклиф қилинди. Халқаро статистика и-ти ва Халқаро жиноят ҳуқуқий ва пенитенциар комиссия ўтган асрнинг 30– й.ларида турли мамлакатлардаги жиноят статистикасини қиёсий ўрганиш учун Аралаш комиссия ташкил қилинди. 1937 й. бу турли мамлакатларнинг ҳукуматларига халқаро жиноят–статистика тадқиқотлари дастурини юборди. Иккинчи жаҳон уруши даврида бу фаолият вақтинча тўхтатилди. Уруш тамом бўлганидан сўнг мазкур вазифа б-н БМТ шуғуллана бошлади. 1950 й. БМТ Бош Ассамблеяси ҳар беш й.да БМТнинг жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарларга нисбатан муносабат бўйича халқаро конгрессларини чақириш зарурлиги ҳақида резолюция қабул қилди. Собиқ СССР БМТ конгрессларида 1960 й.дан иштирок эта бошлади. БМТ Бош Ассамблеяси 1972 й. 18 дек.да махсус резолюция қабул қилиб, унда БМТга аъзо бўлган давлатларга ўз мамлакатларидаги жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашнинг аҳволи ҳақида Бош котибга ахборот бериб боришни таклиф қилди. 1970–1975 й.ларда рўйхатга олинган жиноятларнинг умумий сонини акс эттириш ҳамда уларни жиноятларнинг ўн тури (қасддан одам ўлдириш, шахснинг соғлиғи ёки шаънига қарши тажовуз, жинсий жиноятлар, одам ўғирлаш, талончилик, ўғрилик, фирибгарлик, гиёҳвандлик воситалари б-н қонунга хилоф равишда савдо қилиш ва ҳ.к.) бўйича маълумотлар беришни сўради ва 64 давлатнинг ҳукуматидан жавоблар олиб, улар асосида Жиноятчиликнинг биринчи якуний ҳужжати тузилди. Бош котибнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 32–чи сессиясидаги маърузасида баён этилди. Кейинчалик БМТ 1975–1980 й.лардаги жиноятчиликнинг тенденциялари ҳақида 70 мамлакатнинг ҳукумати ахборот берди. Кейинги беш й.ликда 95 мамлакатдан жавоблар олиниб, улар асосида учинчи якуний ҳужжат тузилади ва БМТнинг Саккизинчи конгрессида (1990 й., Гавана) баён этилди. Конгресс рўйхатга олинган жиноятчилик, жиноий жавобгарликка тортилган шахслар, маҳкумлар ҳақида маълумотлар олиш учун янги сўровнома ишлаб чиқди. Бу сўровномага полиция, прокуратура, суд, турмалар, жиноятчилик фаолиятига оид саволлар киритилган эди. 1986–1990 й.ларда содир этилган қасддан ва эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш, зўравонлик, номусга тегиш, талончилик, ўғрилик, ўзганинг турар жойига қонунга хилоф равишда кириш, фирибгарлик, порахўрлик ва б. жиноятлар бўйича статистик маълумотлар бериш таклиф қилинди. 100 мамлакатдан жавоблар олинди. Собиқ СССР ҳудудидан Арманистон, Беларусь, Латвия, Литва, Молдова, Россия, Тожикистон ва Эстония жавоб юборди. Тўртинчи якуний ҳужжат натижалари БМТнинг Тўққизинчи конгрессида (1995 й., Қоҳира) баён қилинди. 1999 й.дан бошлаб ЎзР ҳам жиноятчилик ҳолати хакида БМТга маълумот бермоқда. БМТ ҳамда алоҳида давлатлар ташаббуси б-н ўтказилаётган қиёсий таҳлилларнинг зарурлиги таъкидланди. БМТда жаҳондаги жиноятчиликнинг тенденцияларини вақти–вақти б-н кузатиб бориш, алоҳида давлатларда эса ўз мамлакатларидаги криминологик воқеликни бошқа мамлакатларнинг маълумотларига ва бутун жаҳон бўйича маълумотларга қиёслаб таҳлил қилиш, шунингдек, маҳаллий жиноятчиликнинг олдини олиш чоралари самарадорлигини ошириш учун бошқа давлатларнинг тажрибасидан фойдаланиш имконияти пайдо бўлди. (муал. – С.Ниёзова)