Yangi hujjatlar

ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ МАХСУС ОЛДИНИ ОЛИШ

ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ МАХСУС ОЛДИНИ ОЛИШ – жиноят содир бўлишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар тизими. Жиноятчиликнинг махсус олдини олиш жиноятчиликнинг шароит ва сабабларини, жиноятчиликнинг детерминантларини аниқлаш, шунингдек, жиноятга тайёргарлик кўрилаётган ёки бошланган жиноятларнинг олдини олишга қаратилган чоралар. Ж.м.о.о.нинг махсус криминологик чоралари жинояларнинг тури, жиноий хулқнинг тури ва типи, ижтимоий хаётнинг турли соҳалари, турли ижтимоий гуруҳдаги шахслар хўжалик фаолиятининг соҳаларига қараб ташкил қилинади. Чунки ана шуларнинг ҳар бирида жиноятчиликка таъсир қилувчи ўзига хос детерминантлар мавжуд. Ж.м.о.о. чоралари аниқ бир йўналишда вақт ва маконда татбиқ этиладиган, хўжалик фаолиятининг муайян йўналишини ҳисобга олиниб белгиланган чоралардир. Ж.м.о.о.га қаратилган умумижтимоий ва махсус чоралар бир –бири б-н боғлиқ бўлиб, умумижтимоий чоралар кенг доирада давлат ва жамият миқёсида амалга оширилса, махсус чоралар муайян ҳудуд, вақт, макон ёки фаолият доирасида муайян жиноятчилик турининг олдини олишга қаратилган бўлади. Бундан ташқари, Ж.м.о.о. чоралари умуман жиноий фаолиятнинг бошланишидан олдин қўлланадаган чоралар ҳамда рецидив жиноятларнинг олдини олишга қаратилган чораларга бўлинади. Ж.м.о.о. чоралари кўпинча жазодан озод бўлган шахслар устидан маъмурий назорат ўрнатишда ифодаланади. Ж.м.о.о. чоралари маъмурий, жиноят, фуқаровий, меҳнат, процессуал ва б. ҳуқуқ тармоқлари б-н тартибга солинади. Ж.м.о.о. криминоген омилларни бартараф қилиш ва камайтиришни назарда тутади ва асосан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан амалга оширилади. (муал. – С.Ниёзова)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига