ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ СУБЪЕКТЛАРИ – жиноятчилик, унинг алоҳида турлари ва муайян жиноятларнинг мавжуд бўлиши ва тарқалишига ёрдам берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш, кучсизлантириш ва нейтраллаштириш, шунингдек, жиноятлар содир этишга (рецидивга) мойил шахсларни жиноят йўлига киришидан сақлаш ва уларни ресоциализация қилишни таъминлаш вазифалари ва функциялари қонунда зиммасига юклатилган органлар, муассасалар, ташкилотлар, шунингдек, мансабдор шахслар. Давлат органлари ва жамият тизимидаги ўрнига қараб олдини олиш субъектларини қуйидагича классификация қилиш мумкин: давлат органлари ва маҳаллий органлар; ноҳукумат (нодавлат) ташкилотлар, шу жумладан, тижорат ва нотижорат тузилмалар, жамоат бирлашмалари ва ихтисослашган тузилмалар. Жиноятчиликнинг олдини олиш фаолиятининг вазифалари, ваколатлари ва мазмунига қараб олдини олиш субъектлари қуйидагича классификацияланади: умумий ваколатли ҳокимият органлари (муассасалар, ташкилотлар, корхоналар); ихтисослашмаган органлар; қисман ихтисослашган органлар. Атроф муҳитни муҳофаза қилиш, таълим ва тарбиянинг умумий масалалари, соғлиқни сақлашни мувофиқлаштириш, оила ва болаликни ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимоя, қонунчиликнинг маъмурий, меҳнат, оила ва б. қатор соҳалари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, адвокатура ва нотариат фаолияти ҳам давлат томонидан таъминланади. ЎзР Олий Мажлиси жиноятчиликнинг олдини олишнинг ҳуқуқий негизини ташкил этувчи қонунлар чиқаради. Маҳаллий, ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам ўз ваколатлари доирасида жиноятларнинг олдини олишга қаратилган норматив ҳужжатлар қабул қилади ва маҳаллий аҳамиятга молик бўлган масалаларни, жамоат тартибини сақлаш кабиларни ҳал қилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Республика ҳукумати ўз ваколатларига мувофиқ, Конституция ва қонун ҳужжатларига асосланган ҳолда жиноятчиликнинг олдини олишга доир норматив ҳужжатлар чиқаради. Жиноятчиликнинг олдини олишнинг ихтисослашмаган субъектлари – бу хўжалик юритувчи тузилмалар, маданият ва спорт муассасалари, оммавий ахборот воситалари; табиатдан фойдаланиш, миграция масалаларини тартибга солувчи, иш б-н таъминлашни амалга оширувчи, ижтимоий таъминот, уй–жой, коммунал хизмат кўрсатиш органлари; дам олиш хизматлари кўрсатувчи ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида иштирок этувчи бошқа муассасалар. Бу профилактика субъектларининг фаолияти қатор ҳолатларда жиноятчиликнинг олдини олишга ёрдам беради. Мазкур вазифа уларнинг фаолиятида алоҳида белгиланмаган бўлса-да, уларга ихтисослашган профилактика субъектлари томонидан муайян илтимос ёки топшириқлар б-н мурожаат қилинишини назарда тутади. (муал. – К.Пайзуллаев)