ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШНИНГ ТАШКИЛИЙ АСОСЛАРИ – жиноятчиликни бутунлай йўқ қилиш, уни тубдан бартараф қилиш вазифасини қўйиш реал эмас. Уни қисман олдини олиш, уни камайтириш, ўсиш даражасини пасайтириш мумкин, холос. Бу вазифани имкон қадар самарали амалга оширилишини таъминлаш учун унинг ташкилий асосларини таъминлаш лозим. Жиноятчиликка қарши курашда режалаштириш– жиноятчиликка қарши кураш олиб борувчи органлар фаолиятини, уларнинг жамоатчилик ва жамоалар б-н алоқадорлигини, ташкилий жиҳатдан бир вақтда тартибга солишни самарали ташкил этиш шаклидир. Режа – жиноятчиликка қарши кураш олиб бориш вазифасидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган, аниқ вазифаларни ҳал қилишга мўлжалланган дастурдир. Режада вазифалар ва уларни бажарувчилар ҳамда бажариш муддатлари, шунингдек, бажариш йўллари ва воситалари кўрсатилади. Режалаштиришнинг яна бир тури – ижтимоий–иқтисодий, тарбиявий, ташкилий–ҳуқуқий ва криминологик вазифаларни ўзида мужассамлаштирган комплекс равишдаги режалаштиришдир. Бундай шаклдаги режалаштириш тадбирларининг кенглиги ва хусусияти жиҳатидан кенг қамровли бўлиши б-н бирга режалаштириш субъектларини ҳам ўз ичига олади. Бу субъектларга ҳокимият органлари, турли жамоалар, ички ишлар, прокуратура, адлия органлари, суд ва жамоатчилик органлари киради. Комплекс равишдаги режалар туман, вилоят, ш. миқёсларида тузилади. Юқорида айтилган режалаштиришлар криминологик профилактика ишларидаги, ўзаро ҳамкорлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг давлатнинг бошқа органлари ва жамоатчилик б-н ўзаро ҳамкорликда иш олиб боришларини таъминлайди. Режалаштириш вақтига қараб жорий ва перспектив бўлиши мумкин. Жорий ва перспектив режалар бир-бири б-н боғлиқ бўлиб, жорий режалаштириш жиноятчиликка қарши курашнинг унча узоқ бўлмаган вақтгача бўлган муддат ичида аниқ вазиятга қараб тузилади. Жиноятчиликнинг олдини олиш режаси уч босқични назарда тутади: а) муайян вақт мобайнида ҳал қилиниши керак бўлган вазифаларни белгилаб олиш; б) бу вазифаларни самарали ҳал қилиш мақсадида режа ва тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш; в) белгиланган дастур ва алоҳида вазифаларни ўз вақтида бажариш учун кучларни тақсимлаш. (муал. – С.Ниёзова)