ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ СТАТИСТИК ТАҲЛИЛИ – жиноятчиликнинг муайян ҳудудда ва муайян даврда миқдор ва сифат жиҳатдан ўрганиш орқали акс эттириладиган статистик маълумотларнинг таҳлили Ж.с.т. жиноятчилик умумий таҳлилининг таркибий қисми бўлиб, унда нафақат рўйхатга олинган жиноятчилик, балки бутун жиноятчиликнинг ҳолати ўз аксини топади. Ж.с.т. жиноятчиликнинг тўлиқ ҳолати, динамикаси, структураси ва интенсивлигини ўз ичига олади. Жиноятчиликнинг ички ҳамда ташқи характерига боғлиқ ҳолда амалга оширилади: а) ижтимоий хавфлилик даражасига кўра (оғир, ўртача оғир); б) ижтимоий йўналтирилганлик объектига кўра (жамоат манфаатлари, шахсий, мулкий, номулкий манфаатлар); в) мотивига кўра (ғараз, мажбурлаш); г) барқарорлик даражасига кўра (оддий, рецидив); д) ташкил этилганлигига кўра (гуруҳ, уюшма); е) жиноятни содир этишда моҳирлик жиҳатидан (юқори даражадаги криминал жиноий маҳорат). Ж.с.т.нинг юқоридаги турлари орқали жиноятчиликнинг ижтимоий-ҳудудий тарқалганлик даражаси, унинг ҳудудий жиҳатдан фарқлари, жиноятчиликнинг турли ҳудудларда умумий ва махсус хусусиятлари, жиноятчиликнинг ижтимоий-гуруҳий жамият аъзолари ва гуруҳларининг жиноятга жалб этилганлик даражаси ўрганилади. Ж.с.т орқали жиноят содир этган, рўйхатга олинган шахслар турли хусусиятлари: маълумоти, жинси, ёши, миллати ва б. жиҳатидан таснифланиб таҳлил этилади. Жс.т.ни амалга оширишда жиноят қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар, хусусан, жиноятчиликнинг умумий кўрсаткичларига таъсир кўрсатувчи муайян ижтимоий қилмишларнинг криминализацияси ҳамда декриминализацияси борасидаги маълумотлар эътиборга олиниши лозим. Шунингдек, таҳлилни амалга ошираётган пайтда олдин бошқача бўлган ва кейинчалик қонунчиликдаги ўзгариш туфайли ўзгартириш киритилган жиноятларнинг гуруҳини олиб, айнан ана шу жиноятларнинг ўзгаришдан олдинги ва кейинги даври таҳлил этилса бу ж.с.т. учун яхши таҳлилий база бўлиб хизмат қилади.
Ж.с.т.да жиноятларни тергов қилиш ва жиноят ҳамда уни содир этган шахслар тўғрисидаги маълумотларни ўзида ифодалайдиган дастлабки рўйхатга олиш карточкаларидан ҳам фойдаланилади. Ж.с.т. жиноятчиликнинг латентлик даражаси, уларнинг рўйхатдан яшириб қолиш ва б. фактларни ёритиб берадиган махсус тадқиқотлар б-н тўлдирилиши лозим. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг иши фақат жиноятчилик ҳолатининг статистик ҳисоботига қараб баҳоланмаслиги керак. Турли статистик ҳисоботлар статистик ҳисобдорликнинг турли босқичларин ўзида акс этади. Мас., формалар орқали амалга ошириладиган ҳисобот: ИИВда (№1– фош қилинган ва қилинмаган рўйхатга олинган жиноятлар тўғрисидаги маълумотларни ифодалайди; №2– жиноят содир этган шахслар тўғрисидаги маълумот). Адлия вазирлиги ва Олий судда №1–судлар фаолияти тўғрисидаги маълумотлар; №2–жиноий жавобгарликка тортилганлар ва ҳукмга кўра қўлланилган жиноий жазо чоралари тўғрисидаги маълумотлар. (муал. – К.Пайзуллаев)