ЖИНОЯТГА ДАХЛДОРЛИК – ЖКнинг 31-м.га кўра, жиноятга тайёргарлик кўрилаётганлиги ёки жиноят содир этилаётганлиги ёхуд жиноят содир этилганлиги ҳақида аниқ билатуриб, олдиндан ваъда бермасдан, ҳокимият органларига хабар қилмаслик ёхуд жиноятчини, жиноят содир қилиш қуроли ва воситаларини, жиноят изларини ёки жиноий йўл б-н қўлга киритилган нарсаларни олдиндан ваъда бермаган ҳолда яширганлик тушунилади. Ж.д. – жиноий жазога сазовор. Ж.д. иштирокликдан фарқланади Ж.д. шахслар содир этилган жиноят б-н сабабий боғланишда бўлмайди ва жиноий натижанинг келиб чиқишига кўмаклашмайди. Ж.д., агар мазкур ҳолатлар ўта оғир ва оғир жиноятлар б-н боғлиқ бўлса, жазоланади. Олдиндан ваъда қилинмаган хабар бермасликнинг объектив томони ҳаракатсизликдан, яъни оғир ёки ўта оғир жиноятга тайёргарлик кўрилаётганлиги, жиноят содир этилаётганлиги ёки содир этилганлиги ҳақида аниқ била туриб хабар бермасликдан иборат пассив ҳулқ–атворда ифодаланади. Жиноят ҳақида хабар бериш ҳар бир фуқаронинг бурчи бўлганлиги сабабли хабар қилмаслик аҳлоққа зид қилмишдир. Бироқ баъзи ҳолларда, айниқса, жиноят оғир ёки ўта оғир деб белгиланган ҳолларда ЖК 241-м.га кўра, жиноий жазога сазовор қилмиш сифатида кўриб чиқилиши лозим. (муал. – Э.Турғунбоев)