ЖИНОЯТГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ – ЖКнинг 25-м.га кўра, шахснинг қасддан қилинадиган жиноятни содир этиш ёки яшириш учун шарт-шароит яратишга қаратилган қилмиши ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра содир этилиши бошлангунга қадар тўхтатилган бўлса, бундай қилмиш Ж.т.к. деб топилади. У жиноят содир этиш шароитларини яратиш, жиноят содир этиш режаларининг ишлаб чиқилиши, иштирокчиларнинг қидириб топилишига қаратилган ҳаракатларда ва ижтимоий хавфли қилмиш содир этишга бўлган бошқа шу каби тайёргарлик ҳаракатларида ифодаланади. Бундан ташқари, жиноятга тайёргарлик зарур қуролга эга бўлиш, шарт-шароитларни ўрганиш, иштирокчиларни қидириш ва ҳ.к.да ифодаланиши мумкин. (муал. – Э.Турғунбоев)