ЖИНОЯТЛАРНИ ВУЖУДГА КЕЛТИРУВЧИ ШАРТ–ШАРОИТЛАРНИНГ ВИКТИМОЛОГИК ЖИҲАТЛАРИ – криминология фанидаги мустақил йўналиш тарзида виктимология жиноят қурбонининг хусусиятлари ва хулқ–атворини, унинг жиноят содир этилган вақтда ва у содир этилганидан кейин жиноятчи б-н бўлган муносабатлари, ўзаро алоқаларини тадқиқ қилади. Жиноий хулқнинг сабабларини текширишда унинг виктимологик жиҳатларига эътибор бериш лозим. Виктимологиянинг вазифаси жиноятдан жабр кўрганлар, жиноятчи ва жабрланувчининг жиноят содир этилгунга қадар, у содир этилган вақтида ва содир этилганидан сўнгги шахсий алоқалари, шунингдек, ўзаро муносабатларини тадқиқ этишдан иборат. Виктимология жабрланувчининг жиноят қурбонига айланиши б-н боғлиқ шарт-шароитларни тадқиқ этади. Виктим хулқ эҳтиётсизлик, таваккалчиликнинг натижаси бўлиб, жабрланувчининг ўзига хавф туғдириши ва криминоген вазиятни вужудга келтириши мумкин, айрим ҳолларда эса жиноятнинг содир этилишига имкон яратади. Ҳуқуққа хилоф қилмишлар жиноят қурбонининг хулқ–атвори б-н бевосита алоқадорликда юз беради. Жабрланувчиларнинг хусусиятлари (маст ҳолдалиги), соғлиғи даражаси (эшитиш, қўриш қобилияти) пастлиги, руҳий ҳолати, ўзининг шахси, шаъни, қадр–қимматининг хавфсизлиги ва мулкининг сақланишига бепарволарча муносабатда бўлиши, ўзига нисбатан содир этилган жиноят ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар хабардор бўлишни истамаслиги; қонунга хилоф бўлган битимлар тузиш ва ҳ.к. б-н боғлиқликда содир этилади. Виктимологик тадқиқотларнинг асосий мақсади жиноят қурбонларига бевосита таъсир кўрсатиш орқали конкрет жиноятларнинг олдини олиш самарадорлигини ошириш ва умуман жиноятчиликнинг олдини олиш, шунингдек, ҳуқуқий тарбияни ташкил қилишни янада яхшилашдан иборатдир. (муал. – С.Ниёзова)