ЖИНОЯТНИ СОДИР ЭТИШ ШАРОИТЛАРИ – жиноятчиликни бевосита келтириб чиқармайдиган, аммо жиноят содир бўлишига имкон яратувчи ғайри ижтимоий ҳодисалар. Мас., мулкни қўриқлашдаги, ҳисобга олиш, мақсадга мувофиқ фойдаланишдаги камчиликлар талон–тарож қилиш тарзидаги жиноятчиликнинг содир бўлишига шароит яратади, транспорт ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги камчиликлар: йўлларнинг бузуқ, ўнқир–чўнқир эканлиги, йўлнинг транспорт ҳаракатланадиган қисмига турли нарсалар тўкиб қўйилганлиги, йўл белгиларининг нотўғри жойга қўйилганлиги ҳам транспорт фалокатларининг содир бўлишига шароит яратиши мумкин. Жиноятчиликнинг шароити б-н сабаблари ўртасида бевосита алоқадорлик бўлиб, булар криминоген детерминантлар ҳисобланади. Шароит ўз–ўзидан жиноят ва жиноятчиликни келтириб чиқара олмайди. Аммо, шароитсиз жиноят ва жиноятчиликнинг сабаблари кўнгилсиз оқибатларни юзага келтирмайди. Ж.с.э.ш. иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий, ташкилий ва ҳ.к. мазмунга эга бўлади. Шароит сабабни, сабаб эса ўзининг оқибати сифатида жиноятчиликни келтириб чиқиши мумкин. Лекин Ж.с.э.ш. ҳар сафар албатта жиноят юз беришини англатмайди. Мас., омборхонанинг эшиги бирор сабабга кўра очиқ қолиб кетган ва мулкни талон–тарож қилиш учун тўла шароит бўлганлигига қарамасдан, мулк талон–тарож қилинмаган бўлиши ҳам мумкин. (муал. – С.Ниёзова)