ЖИНСИЙ ЖИНОЯТЛАР – амалдаги ЖКга кўра, номусга тегиш (118-м.), жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш (119-м.), бесоқолбозлик (120-м.), аёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш (121-м.), ўн олти ёшга тўлмаган шахс б-н жинсий алоқа қилиш (128-м.) жиноятлари ж.ж. Ж.ж.нинг объекти 16 ёшга тўлган шахснинг жинсий эркинлиги, 16 ёшдан кичик шахсларнинг эса жинсий дахлсизлиги ҳисобланади. Бесоқолбозлик жиноятида жиноят объекти жинсий муносабатларнинг жамиятда қарор топган тартибидир. Ж.ж. шартли тарзда иккки гуруҳга бўлинади: Жабрланувчи ихтиёрига зид равишда содир этиладиган ж.ж. – номусга тегиш, жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш, аёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш; икки томоннинг розилиги б-н содир этиладиган жинсий жиноятлар – бесоқолбозлик, ўн олти ёшга тўлмаган шахс б-н жинсий алоқа қилиш. Мазкур жиноятлар формал таркибли бўлиб, субъектив томондан фақат тўғри қасддан содир этилади. Номусга тегиш, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш жиноятларининг субъекти 14 ёшга тўлган ақли расо жисмоний шахс, бесоқолбозлик ва ўн олти ёшга тўлмаган шахс б-н жинсий алоқа қилиш жиноятлари субъекти 16 ёшга тўлган шахс бўлади. (муал. – К.Пайзуллаев)