Yangi hujjatlar

ЖИСМОНИЙ ШАХС

ЖИСМОНИЙ ШАХС – фуқаролик ҳуқуқи субъекти бўлган муайян шахс (фуқаро, чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс). У жамоавий тузилма бўлган юридик шахсдан фарқ қилади. Барча Ж.ш.ларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларига эга бўлиш лаёқати (ҳуқуқ лаёқати) тенг равишда эътироф этилади. Ж.ш.нинг ҳуқуқ лаёқати у туғилган пайтдан эътиборан вужудга келади ва у вафот этиши б-н тугайди. Ж.ш.лар мулк ҳуқуқи асосида мол –мулкка эга бўлишлари; мол –мулкни мерос қилиб олишлари ва васият қилиб қолдиришлари; банкда жамғармаларга эга бўлишлари; тадбиркорлик, деҳқон (фермер) хўжалиги б-н ҳамда қонунда тақиқлаб қўйилмаган бошқа фаолият б-н шуғулланишлари; ёлланма меҳнатдан фойдаланишлари; юридик шахслар ташкил этишлари; битимлар тузишлари ва мажбуриятларда иштирок этишлари; етказилган зарарнинг тўланишини талаб қилишлари; машғулот турини ва яшаш жойини танлашлари; фан, адабиёт ва санъат асарларининг, ихтиронинг, қонун б-н қўриқланадиган бошқа интеллектуал фаолият натижаларининг муаллифи ҳуқуқига эга бўлишлари мумкин. Ж.ш.лар қонунларда кўрсатилган бошқа мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга ҳам эга. ФК 22-м.га мувофиқ, жисмоний шахснинг ўз ҳаракатлари б-н фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиш ва уларни амалга ошириш, ўзи учун фуқаролик бурчларини вужудга келтириш ва уларни бажариш лаёқати (муомала лаёқати) у вояга етгач, яъни ўн саккиз ёшга тўлгач тўла ҳажмда вужудга келади (қ.: фуқаронинг муомала лаёқати). (муал. – И.Зокиров)

 

 

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига