ЗОТ – генетик жиҳатдан ўзаро боғлиқ биологик ва морфологик хусусиятлари ҳамда белгиларига қараб аниқланадиган ҳайвонлар, шу жумладан паррандалар, ҳашоратлар ёки уларнинг дурагайлари гуруҳи. Бу хусусиятлар ҳамда белгиларнинг айримлари айнан бир З.га хос бўлади ва уни ҳайвонларнинг бошқа гуруҳларидан фарқлаб туради. З. гуруҳи, З. ичидаги (зонал) тип, завод типи, завод линияси, З. оиласи, партеноклонлар, линиялар, дурагайлар З.нинг муҳофаза қилинадиган объектларидир. Агар З.: дастлабки З.нинг энг муҳим белгиларини ўзида сақлаб қолган ва бу З. ҳам ўз навбатида ўзидан олдинги З. генотиплар комбинациясини акс эттирадиган асосий энг муҳим белгиларини ўзида сақлаб қолган бўлса; табиий ёки ҳосил қилинган мутантни саралаб олиш, дастлабки З. ҳайвонларидан айрим мутантни саралаб олиш, З.ни ген инженерияси усуллари б–н ўзгартириш каби турли усулларни қўллаш туфайли юз берган фарқларни истисно этганда, дастлабки З.дан аниқ–равшан ажралиб турса ва олдинги З.нинг генотиплар комбинациясига мос келса, ўзида дастлабки зотнинг белгиларини асосан сақлаб қолган З. деб эътироф этилади.