Yangi hujjatlar

2014 йил юртимизда «Соғлом бола йили» деб эълон қилинди

2013 йил 6 декабрь куни пойтахтимиздаги муҳташам «Ўзбекистон» Халқаро анжуманлар саройида
Ўзбекистон Конституциясининг 21 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов маъруза қилди. Бу ҳақида ЎзА хабар бермоқда.

Мазкур маърузада Президентимиз 2014 йилга “Соғлом бола йили” дея ном беришни таклиф этдилар.

Хусусан, Президентимиз Ислом Каримов бу борада қуйидаги фикрлари билан ўртоқлашдилар:

Энди сизлар билан кириб келаётган янги – 2014 йилга қандай ном бериш ҳақида маслаҳатлашиб, фикрлашиб олишимиз керак.

Азал-азалдан ҳар қайси ота-она ўз боласининг соғлом ва баркамол, ақл-заковатли, бахтли бўлишини истайди. Шундай фарзандни вояга етказиш, унинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига эришиш – ота-онанинг энг улуғ, энг муқаддас орзуси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Биз соғлом деганда, нафақат жисмоний, балки маънавий жиҳатдан ҳам соғлом болани ўзимизга тасаввур этамиз.
Мустақилликнинг биринчи йилларидан бошлаб юртимизда соғлом она – соғлом бола масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани, кенг кўламли умуммиллий дастурларимиз доирасида амалга ошираётган улкан ишларимиз жаҳон миқёсида ҳам тан олингани сизларга яхши маълум.

Айни вақтда бугунги шиддатли замон, ҳаётнинг ўзи ёш авлод тарбияси борасида олдимизга янги-янги, ўта муҳим ва долзарб вазифаларни қўймоқда.

Ана шуларнинг барчасини ҳисобга олган ҳолда, ҳар томонлама соғлом авлодни вояга етказиш борасидаги ишларимизни изчил давом эттириш ва юксак босқичга кўтариш мақсадида мен кириб келаётган янги – 2014 йилни мамлакатимизда “Соғлом бола йили” деб эълон қилишни таклиф этаман.

Эслатиб ўтаман, йилларга турли хил рамзий ном бериш 1991 йилдан буён мавжуд. Хусусан, 1991 йил 28 январдаги “Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллигини нишонлан тўғрисида”ги Президент Фармонига биноан 1991 йил Ўзбекистон ССРда “Алишер Навоий йили” дея эълон қилинганди. Мазкур фармонда юбилей танталари 1991 йил сентябрь ойида нишонланиши белгилаб қўйилган эди. Қарангки, Ўзбекистон сентябрь ойида мустақилликка эришиб улгурди. Кейинги йилларда Мирзо Улуғбек (1994), Амир Темур (1996) йиллари ҳам эълон қилинган.

1997 йилдан бошлаб эса Президентимиз томонидан ҳар йили Конституция қабул қилинган кун арафасида келаси йилга рамзий ном бериш ўзига хос анъанага айланди. Бугунги кунгача йилларга мос равишда қуйидагича ном берилган:

1997 – Инсон манфаатлари
1998 – Оила
1999 – Аёллар
2000 – Соғлом авлод
2001 – Оналар ва болалар
2002 – Қарияларни қадрлаш
2003 – Обод маҳалла
2004 – Меҳр-мурувват
2005 – Сиҳат-саломатлик
2006 – Ҳомийлар ва шифокорлар
2007 – Ижтимоий ҳимоя
2008 – Ёшлар
2009 – Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги
2010 – Баркамол авлод
2011 – Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик
2012 – Мустаҳкам оила
2013 – Обод турмуш

ҚЎШИМЧА МАЪЛУМОТ

18 ёшга тўлмаган ҳар бир инсон зоти, агар болага нисбатан қўлланиладиган қонун бўйича у эртароқ балоғатга етмаган бўлса (эмансипация), бола ҳисобланади.

“Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция, 1-модда.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (4)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига