Yangi hujjatlar

Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва “Таълим тўғрисида”ги Қонунга ўзгартишлар киритилди

2013 йил 7 октябрь куни Президент Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини имзолангани ҳақида хабар берган эдик.

Мазкур Қонунга кўра, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳамда “Таълим тўғрисида”ги Қонунга олий ўқув юртидан кейинги таълим билан боғлиқ ўзгартишлар киритилди.

Хусусан, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури 3.3-банднинг 3.3.3-кичик банди «Олий ўқув юртидан кейинги таълим» бўлимининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Олий ўқув юртидан кейинги таълимни олий ўқув юртларида ва илмий-тадқиқот муассасаларида (катта илмий ходим-изланувчилар институти, мустақил изланувчилик) олиш мумкин. Олий ўқув юртидан кейинги таълим диссертация ҳимояси билан якунланади. Якуний давлат аттестацияси натижаларига кўра фан доктори илмий даражаси берилиб, давлат томонидан тасдиқланган намунадаги диплом топширилади».

Шунингдек, 4.1-банднинг биринчи хатбошисидаги «Аспирантура ва докторантура фаолияти» деган сўзлар «Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизими» деган сўзлар билан алмаштирилди.

“Таълим тўғрисида”ги Қонунда ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилди. Яъни Қонуннинг 15-моддаси биринчи қисмидаги «(аспирантура, адъюнктура, докторантура, мустақил тадқиқотчилик)» деган сўзлар «(катта илмий ходим-изланувчилар институти, мустақил изланувчилик)» деган сўзлар билан алмаштирилган бўлса, иккинчи қисмидаги «илмий даражалар ва унвонлар» деган сўзлар «илмий даража ва илмий унвонлар» деган сўзлар билан алмаштирилди. Бундан ташқари 19-модданинг учинчи қисмидаги «фан номзоди ёки» деган сўзлар чиқариб ташланди.

Шунингдек, «аспирантура» деган сўзни «катта илмий ходим-изланувчилар институти» деган сўзлар билан алмаштириш мазмунидаги ўзгартишлар Меҳнат кодекси, Уй-жой кодекси ва «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунга ҳам киритилди.

Эслатиб ўтаман, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 24 июлдаги Фармонига асосан, аспирантура тизими бекор қилиниб, фан доктори илмий даражасини бериш бўйича олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли тизимини жорий қилинган эди.

 

downloadЮклаб олиш учун мавзуга доир ҳужжатлар:

1. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури
2. “Таълим тўғрисида”ги Қонун
3. “Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент Фармони
4. “Олий ўқув юртидан кейинги таълим ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси Қарори
5. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва “Таълим тўғрисида”ги Қонунга ўзгартишлар киритилди

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (71)
  • Йўқ (7)
  • Бироз (2)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига