Yangi hujjatlar

Тошкент метросидан рекламалар нега олиб ташланганди?

Ички ишлар бўлимининг Тошкент метрополитенини қўриқлаш бўйича баталёни бошлиғи подполковник Руслан Ирназаров “Постда” газетасига берган интервьюсида пойтахт метрополитенида барча рекламаларнинг олиб ташлангани сабаби ва фуқаролар хавфсизлиги учун амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда “Подробно” нашрига таяниб, Daryo.uz хабар бермоқда.

Tashkent_metro

Руслан Ирназаровнинг айтишича, айни вақтда метрополитеннинг барча бекатларида қўшимча видеокамералар кенг кузатув учун ўрнатилмоқда. Ички ишлар ходимлари ва камераларнинг мавжудлиги амалий аҳамиятга эга бўлиб, аҳоли тартибини кузатишда ижобий самара беради. Ҳамда ҳуқуқбузарликларга мойил одамларга тўсиқ вазифасини ўтайди, шу билан бирга, фуқароларда ўзининг хавфсиз ва ҳимоя остида эканлигига ишонч уйғотади.

Подполковник ер ости йўлларида рекламаларнинг олиб ташлангани сабабини йўловчиларнинг диққатини чалғиши билан боғлади. “Йўловчи рекламага қараб туриб, ён-атрофида кимдир қолдириб кетган сумкани кўрмаслиги ёки бошқа йўловчиларнинг ўзини ғалати тутаётганига эътибор бермаслиги мумкин. Шунинг учун, фуқароларни огоҳликка, ҳушёрликка чақириш, уларнинг хавфсизлиги кўп ҳолларда ўзларига боғлиқлигини эслатиш мақсадида метроларда рекламалар олиб ташланди”, — дейди подполковник.

Шунингдек, интервьюда Тошкент метрополитенларида давлат мулкига зиён етказиш, безорилик, ўғрилик кам учраши, бироқ, ер ости транспортидан фойдаланиш қоидаларини бузиш, тақиқланган нарса-буюмларни олиб киришга уриниш ҳоллари тез-тез содир бўлаётгани тилга олинган.

Бундан ташқари, ИИБ ходимлари йўловчилар сумкасини очиб кўрсатишни сўраганда, буни тўғри тушуниб, айнан ўзларнинг хавфсизлиги учун шундай қилинаётганини англаган фуқароларимиз билан бирга, бунга қаршилик кўрсатувчилар ҳам топилиши таъкидлаб ўтилган. Шундай ҳолатлардан бири “Чилонзор” метро бекатида содир бўлганлигига мисол келтирилади. Воқеага кўра, ИИБ ходими бир йўловчидан сумкасини очишни сўраганда, у талмовсираниб, қочишга уринган. Лекин унга қувиб етиб олган ходим, сумкани текширганда, ундан наркотикка ўхшаган модда топилган.

Қолаверса, бекатларда йўловчилар сумкаларини, муҳим ҳужжатлар ва бошқа қимматбаҳо буюмларини эсдан чиқариб қолдириб кетиш ҳоллари ҳам юз бераётганлиги қайд этилади мақолада.

Нашрнинг қайд этишича, шу йилнинг 9 ойи мобайнида метрополитен ҳудудида 2756 нафар киши маъмурий интизомни бузган, 1560 нафар киши шахси аниқланиши учун ИИБга олиб келинган, 36 нафар киши ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (112)
  • Йўқ (20)
  • Бироз (14)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига