Yangi hujjatlar

Жорий йилда Ўзбекистонда 970 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилди

Ўзбекистонда жорий йил давомида 970 мингдан ортиқ иш ўрни яратилган. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2013 йил 6 декабрь куни пойтахтимиздаги «Ўзбекистон» Халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Конституциясининг 21 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда сўзлаган маърузасида таъкидлаб ўтди.

Президентимиз аҳоли бандлигини таъминлаш биз учун долзарб аҳамиятга эга эканлигига алоҳида урғу бериб, жорий йилда 970 мингдан ортиқ иш ўрни яратилганини, уларнинг 60 фоизи эса қишлоқ ҳудудларида ташкил этилганини маълум қилди.

“Энг муҳими, касб-ҳунар коллежларини битирган 500 мингдан зиёд йигит-қизларимизни ишга жойлаштирганимизнинг ўзи энг катта ютуқларимиз қаторига киради”, – деди Ислом Каримов.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти мамлакатимизда ҳар йили давлат бюджетини қабул қилишда айни ижтимоий соҳани ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилаётгани таъкидлади. 2013 йилда бу соҳага ажратилган маблағлар бюджетимиз умумий харажатларининг 60 фоизини ташкил этди. Бу эса 2012 йилга нисбатан 1 триллион сўмга кўпроқдир.

Эслатиб ўтаман, ўтган йилнинг 23 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилган “2013 йилда Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури” муҳокама қилинганди. Ўша дастурга кўра, 2013 йилда 972,7 мингта янги иш ўринларини ташкил этиш назарда тутилганди.

Президентимизнинг маърузаларида келтирилган рақамларга эътибор қаратсак, юқоридаги дастурда белгиланган вазифалар тўлиқ бажарилганининг гувоҳи бўлиш мумкин.

Маълумот ўрнида айтишим мумкинки, жорий йилинг 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлисида Ўзбекистон Pеспубликасининг 2014 йилги Давлат бюджети тасдиқланганди. Унга кўра, 2014 йилда 983,6 мингта янги иш ўринлари ташкил этиш мўлжалланаётгани қайд этиб ўтилган.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига