Yangi hujjatlar

Талабалар билимини баҳолашнинг рейтинг тизимига ўзгартиш киритилди

2013 йил 13 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг “Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Буйруғи имзоланди.

Мазкур буйруққа асосан Низомга бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 28 июндаги ПҚ-1990-сонли «Юридик кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, шунингдек олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг рейтинг тизимига замонавий ахборот технологияларини янада кенг жорий қилиш мақсадида қабул қилингани қайд этилган.

Хўш, қандай ўзгаришлар киритилди? Талабалар билимини баҳолашда нима ўзгаришлар бўлади?

Айтиш жоизки, мазкур буйруқда асосан Тошкент давлат юридик университети билан боғлиқ ўзгаришлар қайд этилган. Хабарингиз бор, 2013 йил 28 июнда Президент Қарори асосида Тошкент давлат юридик институтига университет мақоми берилган эди. Шундан сўнг ушбу Университетда ОТМ тузилмаси, баҳолаш тизими, ўқитиш методлари тубдан ўзгарди. Низомга ҳам айнан ТДЮУ билан боғлиқ ўзгаришлар киритилди. Энди ўша ўзгаришларни бир бошидан таҳлил қиламиз.

1. Низомда «рейтинг дафтарчасига» деган сўз «рейтинг дафтарчаси ёки талабалар рейтингини ҳисобга олиш электрон тизимига» деган сўзлар билан алмаштирилди. Бу дегани, эндиликда талабаларнинг рейтинг дафтарчалари бекор қилиниб, уларнинг ўрнига талабалар рейтингини ҳисобга олиш электрон тизими жорий қилинади. Лекин бу ерда мазкур ўзгариш Республикадаги барча ОТМларга татбиқ қилинади деб тушунмаслик керак. Ҳозирча ушбу ўзгариш, фақат ТДЮУда жорий қилинган.

2. Низомда «деканат» деган сўздан кейин «ёки факультет тузилмаси бўлмаган олий таълим муассасаларида ўқув бўлими (ўқув-услубий бошқарма)» деган сўзлар билан тўлдирилди. Ушбу ўзгартиш ҳам ТДЮУга бевосита боғлиқ. Сабаби Президент Қарори асосида ТДЮУда деканатлар бекор қилиниб, уларнинг фаолияти тугатилган, барча асосий назорат ва ташкилий ишлар ўқув-услубий бошқарма қўлига ўтган. Шу сабабли, юқоридаги ўзгартиш киритилди.

3. Низомга қуйидаги қўшимча банд киритилди:
«Тошкент давлат юридик университетида талабанинг семестрда жорий ва оралиқ назорат турлари бўйича тўплаган баллари ушбу назорат турлари умумий балининг 55 фоизидан кам бўлса ёки якуний назорат бўйича тўплаган бали ушбу назорат тури умумий балининг 55 фоизидан кам бўлса, у академик қарздор ҳисобланади.»

Хулласи калом, бу нима дегани. Низомга кўра, жорий+оралиқ назоратлари умумий балидан ўтиш балини ололмаган (39 балл) ёки жорий+оралиқ+якуний назорат балининг ўтиш балини ололмаган (55 балл) талаба академ қарздор ҳисобланарди.

Киритилган ўзгариш бўйича, ТДЮУда кичик ўзгариш бўлди. Яъни якуний назоратни ўзидан ўтиш баллини ололмаган талаба ҳам академ қарздор ҳисобланади.

4. Низомга академ қарздор талабага бериладиган қайта топшириш имконияти билан боғлиқ кичик ўзгариш киритилди. Низмонинг олдинги таҳрири бўйича, академик қарздор талабаларга семестр тугаганидан кейин қайта ўзлаштириш учун бир ой муддат берилиши назарда тутилган эди. Ҳозирда ҳам мазкур муддат ўзгармаган, бир ойлигича қолди. Фақат агарда талаба баҳорги семестр натижалари бўйича академ қарздор бўлса, талабаларнинг ёзги таътили ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг меҳнат таътилидан сўнг бир ойлик муддат бошланиши белгиланди.

Бу нима дегани? Амалиётни кузатадиган бўлсак, баҳорги семестр охирида, айтайлик июнь ойида талаба фандан академ қарздор бўлса, бир ой муддат ўша заҳоти бошланар, натижада талаба ёзги таътил вақтида (июль-август ойларида) ОТМда бўлишга мажбур бўлар, бундан ташқари талаба ОТМ профессор-ўқитувчиларининг меҳнат таътилига чиқиши билан боғлиқ катта муаммога дуч келар эди.

Эндиликда киритилган ўзгартиш бўйича, баҳорги семестрда академ қарздор бўлган талаба ёзги таътил ёки меҳнат таътили тугагандан сўнг, яъни сентябрь ойидан бошлаб қайта ўзлаштириш учун бир ой вақт бериладиган бўлди.

Ушбу ўзгартиш амалиётда талабалар дуч келадиган бир қатор муамоларни бартараф этишга мўлжалланган. Юқридаги ўзгартишлардан фарқли ўлароқ мазкур қоида нафақат ТДЮУ, балки бутун Республика ОТМларига таалуқлидир.

Буйруқнинг расмий матни билан Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари Миллий базасида танишишингиз мумкин.

Эслатиб ўтаман, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 23 июлдаги №206-сонли қарорига асосан, “Тошкент давлат юридик университети магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низом” тасдиқланиб, унга кўра ТДЮУ учун магистратура қабулининг алоҳида тартиб-қоидаси белгиланганди.

МУАЛЛИФ ФИКРИ

Мен ҳозир айтмоқчи бўлган фикрим, асосан Низомга киритилган сўнги ўзгартишга қаратилган. Яъни баҳорги семестрда академ қарздор талабаларга ёзги таътилдан сўнг қайта топшириш имконияти берилиши баъзи муаммоларни олдини олиш билан бирга, аниқ ва конкрет муаммоларни ҳам келтириб чиқаради. Бу ерда асосан талабалар ҳуқуқларини бузилиши билан боғлиқ баъзи ҳолатларни кузатиш мумкин. Келинг, яхшиси бу ҳақидаги фикрларимни алоҳида мақола қилиб жойлай қоламан. Кутинг, тез орада…

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (10)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига