Yangi hujjatlar

Ўзбекистонда 18 та янги касб ва лавозимлар расман рўйхатга киритилди

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофа қилиш вазири Актам Хаитов 2013 йил 16 декабрь куни Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига қўшимчалар киритиш тўғрисидаги буйруққа имзо чекди.

Мазкур буйруққа биноан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 20 августдаги Қарори билан тасдиқланган Хизматчилар лавозимлари ва ишчилар касблари жадвалига янги 18 та касб ва лавозимлар қўшимча сифатида киритилди. Булар қуйидагилар:

1. Кинолог;
2. Қутқарув гуруҳи командири;
3. Координатор;
4. Зал бошлиғи;
5. Расчёт бошлиғи;
6. Лафет ўрнатиш оператори;
7. Радиоузаттиришлар оператори;
8. Ўқитувчи (Преподаватель);
9. Қутқарувчи-биолог қидирувчи;
10. Қутқарувчи-ғоввос;
11. Қутқарувчи-инструктор;
12. Қутқарувчи-кинолог;
13. Қутқарувчи-кимёгар қидирувчи;
14. Мутахассис-полиграфолог;
15. Профайлер-мутахассис;
16. Супервайзер;
17. Супервайзер (ўрта квалификацияда);
18. Ўқитувчи (Учитель).

Ушбу рўйхатда кўпчиликни ҳайрон қолдирган иккита лавозим ва касб номи мавжуд, булар шубҳасиз – ўқитувчилар (преподаватель, учитель). “Наҳотки шу пайтгача ўқитувчи деган касб ёки лавозим бўлмаган бўлса?” деган савол ўйлантираётган бўлиши мумкин. Вазиятга ойдинлик киритишга ҳаракат қиламан.

Энг аввало лавозим ва касб номлари борасида икки оғиз. Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори фақат рус тилида бўлиб, унинг ўзбекча муқобил варианти йўқ. Мазкур хизматчилар лавозимлари ва ишчилар касблари жадвали лавозим ва касб номлари ҳам фақат рус тилида берилган. Бунинг натижасида кичик тушунмовчилик пайдо бўлади. Жадвалдаги лавозимлар орасида “преподаватель” ҳамда “учитель” алоҳида-алоҳида берилган. Лекин буни ўзбекча таржима қилишда иккаласи ҳам бир хил – ўқитувчи бўлади. Балки “учитель”ни устоз деб қабул қилиш керакдир. Чунки 1 октябрь – Устоз ва мураббийлар кунининг рус тилидаги расмий номи “День учителя и наставника” бўлади. Демак, учитель = устоз деган маъно пайдо бўлмоқда. Бироқ умумтаълим мактабларида устоз деган лавозим йўқ, ўқитувчи бор. Майли, хуллас, асосий мавзуга қайтамиз.

Демак, савол шундай қўйилганди, илгари ўқитувчи деган лавозим ва касб бўлмаганми, нега энди киритилди?

Жавоб: илгари ҳам бўлган. Агарда биз классификаторлар рўйхатига эътибор қаратсак, ўқитувчилар билан боғлиқ қуйидаги лавозим ва касбларга кўзимиз тушади:

“Преподаватель” рукнида
Олий таълим муассасаси ўқитувчиси;
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси ўқитувчиси;
Ўқитувчи-услубчи;
Ўқитувчи-стажёр;
Катта ўқитувчи;
Спорт бўйича мураббий-ўқитувчи;

“Учитель” рукнида
Бошланғич синф ўқитувчиси
Мактабгача болалар муассасасининг ўқитувчиси;
Умумтаълим мактабларида юқори синф ўқитувчиси;
Мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси;
Ўқитувчи-дефектолог;
Ўқитувчи-логопед.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бугунги кунгача ҳам ўқитувчи лавозими ва касби расмий ҳужжатларда бўлган, лекин барчаси қўшимчалари билан, яъни масалан ўқитувчи-дефектолог каби. Лекин шунчаки “Ўқитувчи” деган лавозим классификаторда йўқ эди.

Жорий йилнинг 16 декабрь куни айнан ушбу ўзгартиш киритилди. Менимча, бу лавозим шахсий тартибда фаолият юритувчи ўқитувчиларга таалуқли бўлса керак. Масалан, репетиторлар, ўқув маркази ўқитувчилари ва ҳ.к. Чунки бугунги кунгача мавжуд бўлган ўқитувчилар билан боғлиқ лавозимлар рўйхатида ўқув марказлари ўқитувчиларига тўғри келадиган биронта лавозим йўқ эди.

Буйруқнинг расмий матни билан Миллий қонунчилик базасида танишишингиз мумкин.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (6)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига