2014 йил 29 март куни пойтахтимиздаги Халқаро савдо марказида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақида партиянинг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мажлисда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, партия депутатлик гуруҳлари ва ҳудудий партия ташкилотлари раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, партия фаоллари – тадбиркор ва фермерлар, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Мажлис иштирокчилари ЎзЛиДеП тузилмалари ва депутатлик бирлашмаларининг ҳисобот давридаги фаолияти якунларини сарҳисоб қилди ҳамда партия дастурий мақсад ва вазифаларини амалга ошириш бўйича партия ташкилотлари ишини янада такомиллаштириш масалаларини муҳокама этди.
Мажлис иштирокчилари алоҳида қайд этганидек, Сиёсий Кенгашнинг мазкур йиғилиши мамлакатимиз Президенти томонидан парламентда кўриб чиқиш учун киритилган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)»ги Қонунини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қабул қилган кунларда бўлиб ўтмоқда. Яъни, демократик ислоҳотлар, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларини либераллаштириш, давлат ва конституциявий тузилмани изчил ўзгартириш ва демократик янгилаш жараёнлари сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилган шароитларда юз бермоқда.
Мазкур ҳужжат ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг самарали ишлашини, ҳокимиятнинг қонунчилик, ижро этувчи ва суд тармоқлари ваколатлари мутаносиб тақсимланишини таъминлаш, шунингдек, ижро этувчи органлари, жамоатчилик ва парламент назорати масъулиятини кучайтиришга қаратилган.
Ижро этувчи ҳокимиятнинг ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни амалга оширишда мустақиллигини янада мустаҳкамлаш ва масъулиятини ошириш ҳамда ҳукумат фаолияти соҳаларини аниқлаштириш мақсадида Конституциянинг 98-моддасида Вазирлар Маҳкамасининг зиммасига самарали иқтисодий, ижтимоий, молиявий, пул-кредит сиёсатини амалга ошириш, илм-фан, маданият, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш ҳамда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантириш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун масъулият юкланган. Бош вазир лавозимига номзод унинг номзоди парламента кўриб чиқилиши ва тасдиқланиши жараёнида ҳукуматнинг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этишига доир меъёр мустаҳкамланган.
Бундан ташқари, Президент – давлат раҳбари – қонунчилик ва ижро этувчи ҳокимият ўртасида ваколатлар тақсимланишини янада мақбуллаштириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мамлакатнинг энг муҳим ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид масалалари бўйича йиллик маърузаларини тақдим этиш ваколати Вазирлар Маҳкамасига ўтказилмоқда. Бунда Конституциянинг 93-моддаси 7-банди янги таҳририга кўра, «Президент мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатини юритишга оид энг муҳим масалалар бўйича парламентга мурожаат этиш ҳуқуқига эга».
Жумладан, Конституциянинг 32-моддасида белгиланганидек, мамлакат фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик шакллантириш ҳамда давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Асосий қонуннинг 78-моддасида парламент палаталарининг парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатлари конституциявий асосда мустаҳкамланмоқда.
Конституциянинг 103-моддасига вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг зиммасига халқ депутатлари тегишли Кенгашларига вилоят, туман, шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир энг муҳим ва долзарб масалалар юзасидан ҳисоботлар тақдим этиш мажбурияти юклатилишига оид қўшимча киритилмоқда. Бу билан Ўзбекистонни демократик ривожлантиришнинг энг муҳим омили – ижро этувчи ҳокимият фаолияти устидан жамоатчилик, парламент, депутатлик назорати яхлит тизимини шакллантиришнинг мустаҳкам конституциявий, ҳуқуқий базаси яратилди. Конституцияга шунингдек, мамлакатни янада сиёсий ва конституциявий ривожлантиришга қаратилган қатор бошқа энг муҳим меъёрлар ҳам киритилди.
Конституцияга киритилаётган ушбу муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар нафақат сиёсий партиялар, уларнинг депутатлик бирлашмалари ролини салмоқли равишда оширади, балки уларнинг амалга оширилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотлар муваффақиятли ўтказилиши, демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, Ўзбекистоннинг буюк келажагини яратиш учун ҳам ҳозирги ва келгуси авлодлар олдидаги масъулиятини кучайтиради. Демак, партия тузилмалари ва унинг депутатлик бирлашмалари олдида катта вазифалар туради.
Шунингдек, мажлисда ЎзЛиДеП партияси ҳаётга тадбиқ этилган қатор лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.
ЎзЛиДеП фракциясида партия дастурий мақсад ва вазифаларидан, электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш учун киритилган 40 дан зиёд қонун лойиҳалари бўйича ёндашувлар батафсил ўрганилди ва ишлаб чиқилди. Депутатлар томонидан демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фермерлик ҳаракати, кичик бизнесни ривожлантириш, хусусий мулкни ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга 8 та қонун илгари сурилди.
Партия депутатлик бирлашмалари томонидан ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиши масалаларига доир ижро этувчи ҳокимият органлари вакилларининг 681 эшитуви ўтказилди, шу жумладан, 293 таси – қулай бизнес муҳитни яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига бағишланди.
Партия кўмагида 3000 дан зиёд аёллар ва ёшлар ўз бизнесини йўлга қўйиш ва бизнес-лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида тижорат банкларининг умумий қиймати 24 млрд.сўмдан ортиқ имтиёзли кредитларини олди.
Фермерлар кенгаши билан ҳамкорликда 3500 дан зиёд фермерларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, турли ташкилотлардан бажарилган шартномалар бўйича 12,5 млрд.сўмдан ортиқ маблағлар ундириб берилди.
Йиғилишда ЎзЛиДеП тузилмалари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятининг энг муҳим масалалари танқидий кўриб чиқилди. Унда, партия фаолиятининг давлат ва жамият ҳаётини либераллаштириш суръатлари ва эҳтиёжларига қай даражада мослиги, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш устуворликларини белгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ва модернизациялашга оид стратегик вазифаларни ҳал этиш, электорати манфаатларини ҳимоя қилишдаги иштироки атрофлича муҳокама этилди.
Жумладан, Наманган ва Қашқадарё вилоятларида партия депутатлик гуруҳлари фаолиятида ушбу соҳада йўл қўйилган камчиликлар ва ишга солинмаган захиралар қайд этилди. Сирдарё ва Навоий вилояти партия тузилмалари фаолияти қониқарсиз баҳоланиб, тегишли ташкилий хулосалар қилинди.
Мажлис иштирокчилари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерликни ривожлантиришга доир энг муҳим вазифаларни ҳал этиш, хусусий мулкни жадал ривожлантириш ва ҳимоя қилиш, мулкдорлар ҳуқуқларини таъминлаш, бизнес юритиш учун шароитларни яхшилаш мақсадида қонунчиликни ривожлантириш учун партия тузилмалари, депутатлик корпусининг салоҳиятидан максимал тарзда фойдаланиш бўйича ишларнинг устувор йўналишларини белгилади.
Депутатлар, бошланғич партия ташкилотлари ва бошқа партиявий тузилмаларнинг партия устав ва дастурий вазифаларини ҳал этиш, қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича ташаббускорлигини ошириш ҳақида қарор қабул қилинди. Таклифларни сессиялар ва вакиллик ҳокимият органлари доимий комиссиялари мажлисларида фаол илгари суриш, депутатлик бирлашмалари назорат-таҳлилий фаолияти самарадорлигини ошириш ва мақсадга йўналтирилганлигини таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Мажлисда партиянинг парламентдаги фракцияси ўзининг қонун ижодкорлиги ва назорат фаолиятини янада фаоллаштириши, хусусан, депутатлик сўрови билан мурожаат этиш, тегишли масалалар ҳамда мансабдор шахслар ҳисоботлари эшитуви тўғрисидаги таклифларни киритиш зарур дея таъкидланди.