Yangi hujjatlar

O‘zLiDeP фракцияси «Тижорат сири тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда

14 май куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси, Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ҳамда Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан «Тижорат сири тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институти вакиллари, тадбиркорлар ва журналистлар иштирок этди.

Photo: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Photo: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Тадбир давомида тақдим этилган маърузалар Ўзбекистонда ушбу қонун қабул қилиниши зарурлиги, унинг тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги ҳуқуқий ва иқтисодий самараси, республикада тижорат сирини ташкил этувчи ахборотларни ҳимоя қилиш орқали соғлом рақобатни ривожлантириш, тижорат сири билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишда жаҳон тажрибаси каби масалаларга бағишланди.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий фаолиятида тижорат қимматига эга бўлган ахборот бошқа моддий ва интеллектуал активлари каби салмоқли ўрин эгаллайди. Бундай ахборот эгалари мустақил равишда ўз ваколатлари доирасида ахборотни қайта ишлаш, ҳимоя қилиш ва фойдаланиш режими ва қоидаларини белгилашга ҳақлидирлар. Тижорат сирининг бундай эгаси тегишли ҳуқуқ эгаси сифатида ўз ахборот ресурсларига қонун ҳужжатларида белгиланган доирада эгалик қилиш, фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ваколатларини тўлиқ рўёбга чиқариши лозим.

Ушбу қонун лойиҳаси МДҲ мамлакатларининг тижорат сири соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларидан ташқари, Япония, Германия, АҚШ каби хорижий мамлакатларнинг тажрибалари, шунингдек тижорат сири ва бошқа сирларни ташкил этувчи ахборот, махфий ахборот тўғрисидаги миллий қонунчиликни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Қайд этилганидек, кўпгина хорижий мамлакатларнинг амалиётида ахборотни тижорат сирига боғлаш, бундай ахборотни топшириш ва унинг махфийлигини муҳофаза қилиш билан боғлиқ муносабатлар тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Айнан «Тижорат сири тўғрисида»ги қонун билан тижорат сирининг энг муҳим жиҳатлари мустаҳкамлаб қўйилган, ушбу тоифага мос келувчи ахборотнинг моҳияти, тушунчаси ва турлари, уни тақдим этиш, ошкор қилиш ва рухсатсиз ошкор қилинганлиги учун жавобгарликни белгилаш механизмлари ёритиб берилган. Қонун лойиҳасида қатор тушунчаларга аниқ таъриф берилган, шунингдек, у тижорат сирига бўлган талабларни белгиловчи нормаларни ҳам ўз ичига олган.

Давра суҳбати иштирокчилари тижорат сирини меҳнат муносабатлари жараёнида ҳимоя қилиш, давлат органининг асослантирилган сўровига кўра тижорат сирини тақдим этиш ҳамда судда тижорат сири билан танишиб чиқишнинг чегараларига оид моддалари борасида баҳс-мунозара юритдилар. Умуман, «Тижорат сири тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама этиш жараёнида тижорат сирини ҳимоя қилиш, тақдим этиш ва мамлакатда мазкур ҳужжатнинг ўз вақтида қабул қилинишига оид ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришнинг долзарб масалалари борасида фикр алмашилди.

Мунозаралар давомида Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракциясининг мазкур қонун лойиҳаси юзасидан тегишли позицияси баён этилди. Таъкидланганидек, хўжалик юритувчи субъектлар ўз фаолияти мобайнида махфий тижорат ахборотининг турли хажмини тўплайди. Бунда давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган Концепцияда қайд этилганидек, ахборот соҳасида эркинлик ва ҳуқуқларни, шу жумладан, ахборот олиш, ўз ғояларини тарқатиш эркинлиги ва бу борадаги ҳуқуқларни амалга оширишни таъминлаш Ўзбекистонда демократик жамиятни барпо этиш асосларининг тамал тоши ҳисобланади.

O‘zLiDeP фракцияси фикрига кўра, мазкур вазифани ҳал этишнинг муҳим жиҳатларидан бири – ахборот хавфсизлиги масалаларини қонунчилик асосида такомиллаштириш, хусусан хўжалик юритувчи субъектларнинг ўз мулкий ва шахсий номулкий манфаатларини тижорат ёки бошқа сирни ташкил этувчи ахборотдан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш орқали ҳимоя қилишга оид ҳуқуқларини рўёбга чиқаришни назарда тутади.

O‘zLiDeP фракцияси қайд этганидек, «Тижорат сири тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ахборотни тижорат сири тоифасига киритиш масалаларини яхлит қонун асосида тартибга солиш, уни тизимлаштириш ва тақдим этишни таъминлашга қаратилган. Бу, авваламбор, бозор рақобати шароитида хўжалик юритувчи субъектлар иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш имконини беради. Қонун меъёрларини амалга ошириш хўжалик юритувчи субъектлар самарали фаолият юритиши учун қулай шароитлар яратади, партия электорати манфаатларига тўлиқ жавоб беради ҳамда ахборот технологиялари, ишлаб чиқариш янгиликлари, ноу-хау ва инновацияларни янада ривожлантириш йўлида рағбатлантирувчи омил бўлади ва бу иқтисодиётнинг ўсишига, халқ фаровонлигига хизмат қилади.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар мазкур қонун лойиҳасининг муҳимлиги ва у тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун қабул қилиниши зарурлиги тўғрисида ягона фикрга келишди.

Матн: O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига