Президентимиз Ислом Каримов 18 июль куни пойтахтимизнинг кўҳна Минор мавзесида қад ростлаётган янги муҳташам масжид биносига ташриф буюриб, қурилиш ишлари билан яқиндан танишди. Бу ҳақда, ЎзА хабар бермоқда.
Хабарда таъкидланишича, юртбошимизнинг ғоя ва таклифлари асосида яратилган ушбу лойиҳада миллий меъморчилигимизнинг азалий анъана ва услубларидан фойдаланган ҳолда ҳар жиҳатдан бетакрор, муаззам мажмуа барпо этиш кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари бу ерда моҳир қурувчи ва усталарнинг фаолияти билан танишар экан, амалга оширилган кенг кўламли қурилиш ва ободончилик ишлари ҳақида фикр билдирди, мажмуани янада такомиллаштириш бўйича кўрсатма ва тавсиялар берди.
Ислом Каримов мазкур қадамжо атрофида олиб борилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ҳам синчиклаб кўздан кечирди. Ҳар бир дарахт, ҳар қайси майдон, фаввора ва йўлак шаҳарсозликнинг энг юксак талабларига уйғун бўлиши зарурлигини уқтирди.
Ҳозирги вақтда ушбу ҳудуддан оқиб ўтадиган Анҳор ва унинг атрофидаги жойлар ободонлаштирилиб, пойтахт қиёфасига алоҳида кўрк ва чирой бағишламоқда.
Бу ишларнинг барчаси шаҳар аҳолиси ва меҳмонларининг гўзалликдан баҳра олиб, мазмунли дам олишлари, бир сўз билан айтганда, эл-юртимизнинг маънавий дунёсини бойитишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Президентимиз бундай муқаддас жойларда аввало пок ният, соф интилиш билан иш олиб бориш, ҳар бир ғиштни қўйишда етти ўлчаб бир кесиш кераклигини, токи биз бунёд этган муҳташам иморатлар асрлар давомида авлодларимизга ҳайрат ва ғурур-ифтихор бағишлаб туриши зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Anhor.uz берган маълумотларга кўра, 2400 ўринга мўлжалланган “Минор” қабристони яқинида барпо этилаётган масжид қурилишининг буюртмачиси пойтахт ҳокимияти қошидаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ҳисобланади. Бино лойиҳаси “Ташгипрогор” очиқ акциядорлик жамияти томонидан лойиҳалаштирилган. Масжид лойиҳаси Тошкент шаҳар бюджетидан молиялаштирилмоқда.
Жорий йилнинг май ойида масжиднинг янги суратлари тақдим этилди.
“Минор” масжиди қурилиши ҳақидаги қарор 2013 йилнинг июль ойида имзоланган эди. Унга кўра, қурилиш ишлари 2014 йил 1 ноябригача тугалланиши лозим.