Yangi hujjatlar

Марказий банк бошқаруви раиси банкнинг 2013 йилдаги фаолияти тўғрисида ҳисобот берди

2014 йил 28 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2013 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тингладилар. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳисобот йилидаги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 18 январдаги мажлисидаги маърузасида белгиланган, мамлакат банк тизимининг барқарор ривожланишини ва ишончлилигини таъминлаш ҳамда унинг юқори иқтисодий ўсиш суръатларини, макроиқтисодий мувозанатлиликни, иқтисодиётни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта қуроллантириш ҳамда диверсификациялашни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича дастурий вазифаларни ҳам бажаришга қаратилганлиги кўрсатиб ўтилди.

Мамлакат банк тизими капиталининг етарлилиги халқаро стандартларнинг энг кам кўрсаткичларидан уч баравар юқори даражада, унинг ликвидлилиги эса норматив талаблардан 2,2 баравар юқори даражада сақланиб қолмоқда. Банкларнинг активлари, шунингдек, иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитларнинг умумий ҳажми ҳисобот йилида 30 фоизга ўсди. Бунда инвестиция мақсадларига берилган кредитларнинг улуши 1,25 баравар кўпайди. Кичик бизнес субъектларига берилган кредитлар ҳажми 7 триллион сўмни ташкил этган бўлиб, бу 2012 йилдагига қараганда 1,3 баравар кўпдир. Шу жумладан, микрокредитлар ҳажми 1,3 баравар кўпайиб, 1,4 триллион сўмни ташкил этди. Буларнинг барчаси мамлакатда қулай ишбилармонлик муҳитини, кичик бизнес, хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга ёрдам берди.

Аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан банк тизимига бўлган ишончнинг тобора ўсиб бораётганлиги қайд этилди. Чунончи, тижорат банкларидаги депозитларнинг умумий ҳажми 2013 йил мобайнида 30,2 фоизга кўпайди. Натижада ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг барча банклари халқаро рейтинг агентликлари томонидан «барқарор» рейтинг баҳосига эга бўлган мустаҳкам банклар деб эътироф этилди.

Шу билан бирга, сенаторлар ҳисобот юзасидан ўз чиқишларида қабул қилинган, иқтисодиётнинг барқарор юқори суръатлар билан ўсишини таъминлайдиган пул-кредит сиёсати стратегиясини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ролини кучайтириш, фаолиятининг самарадорлигин янада ошириш, бунинг учун мавжуд захира ва имкониятларни сафарбар этиш зарурлигига эътиборни қаратдилар.

Халқаро нормалар, мезонлар ва стандартлардан фойдаланиш амалиётини кенгайтириш йўли билан банк назорати тизимини такомиллаштиришга, банкларнинг инвестициявий фаолиятини оширишга, бунда минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларида назарда тутилган лойиҳаларни молиялаштиришга, иш ўринлари ташкил этишга ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга, хотин-қизлар тадбиркорлиги ва оилавий тадбиркорликни ҳар томонлама ривожлантириш ҳамда молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор бериш зарур.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига