Yangi hujjatlar

Ҳокимларнинг халқ депутатлари кенгаши олдида ҳисобот қилиш тартиби белгиланди

2015 йил 9 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 4 та кодекс ҳамда 6 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонунга имзо чекканлиги ҳақида хабар берган эдим.

Хусусан, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунга ҳокимнинг вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини халқ депутатлари Кенгаши томонидан эшитиш тартибини белгиловчи янги модда қўшилди.

Маълумот ўрнида шуни айтишим лозимки, мазкур қўшимча 2014 йил 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган ўзгариш асосида қўшилди. Ўтган йили Конституциянинг 103-моддасига вилоят, туман ва шаҳар ҳокими тегишли халқ депутатлари Кенгашига вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этиши ҳақидаги янги норма киритилган эди.

«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунга киритилган янги 25-1-моддага биноан, вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ҳисоботи тегишли халқ депутатлари Кенгашининг вилоят, туман, шаҳарнинг ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари ва жорий йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида эшитилади.

Мазкур мажлис вилоятларда ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли мажлиси ўтказилганидан кейин ўн кундан кечиктирмай, туманлар ва шаҳарларда эса вилоятларда тегишли мажлислар ўтказилганидан кейин ўн кундан кечиктирмай ўтказилади.

Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳисоботини эшитишга тегишли вилоятлар ва Тошкент шаҳридан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари, вилоят ва Тошкент шаҳар ижроия ҳокимияти органлари таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари таклиф этилади.

Туман ва шаҳар ҳокимининг ҳисоботини эшитишга тегишли сайлов округларидан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари ва халқ депутатлари вилоят Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, давлат бошқаруви органларининг вакиллари, вилоят ҳокими ёки унинг ўринбосарлари, туман ва шаҳар ижроия ҳокимияти органлари таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари таклиф этилади.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ҳисоботини эшитишга тегишли ҳудудда жойлашган бошқа давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, корхоналарнинг, муассасаларнинг, ташкилотларнинг, шу жумладан нодавлат нотижорат ташкилотларининг, сиёсий партияларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ва бошқа шахслар таклиф этилиши мумкин.

Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳисоботини муҳокама қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида берилган баҳолар ва белгиланган вазифалар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

Туман ва шаҳар ҳокимининг ҳисоботини муҳокама қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, шунингдек халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг мажлисларида берилган баҳолар ва белгиланган вазифалар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ҳисоботини муҳокама қилиш якунлари бўйича тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қарори қабул қилиниб, унда тегишли ҳоким ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ишининг самарадорлигига комплекс баҳо берилади, уларнинг ишини такомиллаштиришга доир тавсиялар ва таклифлар, шунингдек қарор амалга оширилишининг бориши устидан назоратни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилади. Мазкур қарор ва ҳокимнинг ҳисоботи расмий нашрларда ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг веб-сайтларида эълон қилиниши шарт.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (21)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (3)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига