Президентимиз Ислом Каримов 29 август куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишлари билан танишди. Бу ҳақида ЎзА хабар бермоқда.
Президентимиз Шайхонтоҳур туманининг Абдулла Қодирий ва Лабзак кўчалари кесишган чорраҳада бунёд этилган янги замонавий кўприкни бориб кўрди. “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик темир йўл компанияси ҳузуридаги “13-кўприкқурилиш” трести бунёдкорлари томонидан барпо этилган ушбу транспорт боғламаси автомобилларнинг ҳаракатланиши учун кенг қулайлик яратади. Кўприкнинг узунлиги 642, эни 19 метр.
Давлатимиз раҳбари бунёдкорлик ишлари билан танишар экан, улар юксак маҳорат, чуқур билим, юқори технологиялар асосида амалга оширилганини алоҳида қайд этди.
Абдулла Қодирий ва Лабзак кўчалари кесишган жойда транспорт тиғизлиги автомобиллар ва пиёдаларга ноқулайлик туғдирар эди. Янги бунёд этилган кўприк бу муаммоларга барҳам бериш билан бирга, автомобиллар ҳаракатининг узлуксизлигини ва хавфсизлигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади.
Президентимиз мазкур ҳудудда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишар экан, ушбу кўприкда йилнинг тўрт фаслида ҳам транспорт воситаларининг бемалол ҳаракатланиши учун муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини янада такомиллаштириш, замонавий ландшафт дизайни асосида ободонлаштирилган ҳудудларни кўпайтириш юзасидан кўрсатмалар берди.
Юртбошимиз Абдулла Қодирий ва Себзор кўчалари кесишадиган майдонда бўлиб, бу ерда бунёд этиладиган йўл ўтказгич лойиҳаси билан танишди.
Ушбу чорраҳада саккиз қаторли иккита йўл кесишган. Атрофда банк биноси, Абдулла Қодирий номидаги истироҳат боғи, савдо мажмуалари, кўп қаватли уйлар жойлашган. Шу боис бу ер ҳамиша гавжум, кўчалар серқатнов бўлади.
Бу ерда қуриладиган янги йўл ўтказгич тирбандликнинг олдини олиб, аҳоли ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун қулай имкониятлар яратади.
Юртбошимиз Абдулла Қодирий кўчасини кенгайтириб, саккиз тасмали йўлга айлантириш, мазкур ҳудуддаги кўп қаватли уйларда яшаётган аҳолининг дам олиши учун имконият яратиш, мўътадил иқлимни таъминлаш мақсадида фавворалар бунёд этиш кераклигини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида қурилган янги йўлни бориб кўрди.
Пойтахтимизда яна бир янги йўлнинг қурилиши бу борадаги ишларнинг изчил давомидир. 5,1 километрлик бу йўл Олмазор туманидаги Беруний кўчасидан бошланиб, Шайхонтоҳур туманидаги Хуршид кўчасига қадар давом этади. Форобий, Сағбон, Қорасарой, Себзор ва Лабзак каби катта кўчаларни ўзаро боғлайди.
Президентимиз бу ерда амалга оширилган ишлар билан танишар экан, йўлсоз ва қурувчиларнинг меҳнатига юқори баҳо берди.
– Эски шаҳар аҳолиси асрлар давомида шундай қийин шароитларда яшаб келган, бу муаммони ҳеч ким ўйламаган, – деди Ислом Каримов. – Бу масалани атрофлича ўрганиб, Эски шаҳарнинг бош режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, бу ерда янги йўллар, кўприклар, замонавий уйлар, коммуникациялар барпо этилади. Бу ишларимизнинг дастлабки самарасини халқимиз кўриб турибди. Ушбу янги йўл аҳоли учун катта қулайлик яратиш билан бирга, Эски шаҳарни ҳамма ҳавас қиладиган замонавий шаҳарга айлантириш борасидаги ишларга кенг йўл очади.
Йўл билан параллел равишда барча коммуникациялар ва муҳандислик инфратузилмаси бунёд этилган. Келгусида йўл атрофида замонавий уй-жойлар, ижтимоий объектлар қурилиши режалаштирилган. Президентимизнинг тавсиясига мувофиқ, кўп қаватли уйлар қурилишида шамол йўналиши, қуёш нурининг қандай тушишигача ҳисобга олинган. Лойиҳага кўра, турар жойлар уч ва беш қаватли бўлади. Чорраҳаларда фаввора ва гулзорлар, Калковуз ариғи бўйида сайилгоҳ барпо этилади.
Президентимиз пойтахтимизнинг Эски шаҳар қисмида истиқомат қиладиган аҳолининг эмин-эркин яшаши, мазмунли ҳордиқ чиқариши учун барча шарт-шароитларни яратиш, йўл четларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берди.
Юртимизда шахматни изчил оммалаштириш, ўзбек шахматининг ёрқин келажагини таъминловчи истеъдодли спортчиларни тарбиялаш мақсадида Тошкентда шахмат бўйича ихтисослаштирилган республика болалар ва ўсмирлар спорт мактаби барпо этилди.
Президентимиз бу ерда амалга оширилган ишлар билан танишди.
Мазкур мактаб келажакда халқаро мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир иқтидорли ва истеъдодли шахматчиларни тарбиялаш учун мўлжалланган. Бу ерда 6 ёшдан 16 ёшгача бўлган ўқувчи-ёшлар дарсдан бўш вақтларида шахмат сабоқларини ўрганиши, ўз маҳоратини ошириши мумкин. Мазкур иншоот ўқув-машғулот хоналари, спорт зали, ошхона каби бўлимларни ўз ичига олган. Ўқув-машғулот хоналаридаги электрон шахмат тахталари халқаро андозаларга мос. Мактабда ўқувчилар учун махсус дам олиш хонаси мавжуд.
Бу ерда шахматчиларнинг ўйин амалиётидаги тажриба-маҳоратини ошириш учун шахмат заллари барпо этилган. Ушбу залларда бир вақтнинг ўзида қарийб юз нафар шахматчи ўзаро баҳслашиши мумкин.
Мазкур мактабга болалар танлов асосида саралаб олинади. Уларга тажрибали, профессионал мураббийлар сабоқ беради.
Интернетга эга компьютерлар билан жиҳозланган хонада ўқувчилар чет эллик ёш шахматчилар билан он-лайн тизимда шахмат бўйича беллашиш ва ўз тажрибасини янада ошириш имконига эга.
Президентимиз мактабда сабоқ оладиган ўғил-қизларнинг шахмат бўйича маҳоратини ошириш, уларнинг эркин ижод қилиши учун янада қулай шароит яратиш борасида зарур тавсиялар билдирди. Ушбу бино ёнида халқаро миқёсдаги йирик мусобақалар ўтказишга мўлжалланган, миллий руҳ акс этган янги иншоот барпо этиш лозимлигини қайд этди.
Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг янги биносини бориб кўрди.
Президентимиз ташаббуси билан Давлат бошқаруви академияси биноси замонавий меъморлик ва технологик талабларга мувофиқ тўлиқ реконструкция қилинди.
Ислом Каримов академия биноси, у ердаги конференция заллари, Ахборот-ресурс марказида яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, бу ердаги илмий, амалий ва ташкилий муҳитни янада такомиллаштириш бўйича зарур тавсиялар берди.
– Мазкур академия нафақат илм оладиган жой, балки тажриба ва ҳаёт билан боғлиқ таълим даргоҳидир, – деди Президентимиз. – Бу академияни битирган ҳар қандай киши давлат бошқарувига лойиқ бўлиши лозим. Бунинг учун халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, бу борада ривожланган мамлакатлар давлат бошқаруви тизимини ўрганиш, тажриба алмашиш керак.
Мазкур мажмуада учта конференция ва катта кўргазма зали, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ўтказишга мўлжалланган ўнта зал, спорт майдони мавжуд. Улар барча зарур техника ва жиҳозлар билан таъминланган.
Академиянинг ўқув биноси ва ётоқхонаси қулай мебель, ўқув қуроллари, компьютерлар билан жиҳозланган. Интернет тармоғидан фойдаланиш имконияти яратилган.
Академия АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Жанубий Корея, Сингапур, Озарбайжон каби қатор давлатларнинг илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, шунингдек, БМТ, ОТБ, ЕХҲТ каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатган. Ташкилот томонидан ўқитувчилар, ходимлар ва тингловчилар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига, олий таълим ва илмий муассасаларга, шу жумладан, хорижий мамлакатларнинг илмий муассасаларига амалиёт ўташга юборилмоқда.