Yangi hujjatlar

Жиноят кодексининг ўзбекча матнидаги хато тўғриланди

2014 йил 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга имзо чекканлиги ҳақида хабар берган эдим.

Мазкур ҳужжат асосида, 9 та Кодекс, 19 та Қонун ва 1 та Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳам қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, ЖКнинг “Давлат проба тамғаларини тайёрлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш” деб номланган 228-1-моддасига (прим бир) ўзгартиш киритилди.

Яъни 228-1-модда биринчи қисми санкциясининг ўзбекча матнидаги «озодликдан маҳрум қилиш» деган сўзлар «қамоқ» деган сўз билан алмаштирилди.

Модданинг олдинги таҳририга назар ташлайдиган бўлсак, ғаразгўйлик ёки бошқа шахсий манфаатларни кўзлаб давлат проба тамғасини қонунга хилоф равишда тайёрлаш, ўтказиш ёки ундан фойдаланиш, шунингдек уни қалбакилаштириш —
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, дейилган эди.

Аммо ЖКнинг 50-моддасига кўра, озодликдан маҳрум қилиш олти ойдан йигирма йилгача муддатга белгиланади. Мазкур моддадаги “олти ойгача” деган жумла, озодликдан маҳрум қилишга эмас, балки қамоқ жазосига таалуқлидир.

ЖКнинг 48-моддасига асосан, қамоқ – шахсни батамом ажратган шароит остида сақлашдан иборат бўлиб, бир ойдан олти ойгача муддатга белгиланади.

Эслатиб ўтаман, Жиноят Кодексига 228-1-модда 2000 йил 26 майда, яъни 14 йил аввал киритилган эди.

Ўтган давр мобайнида судлар мазкур модда бўйича жазо тайинлашда муаммоларга дуч келган ёки келмаганлиги ҳақида маълумотлар йўқ.

Аслида ЖКнинг ушбу моддасининг олдинги таҳрири бўйича бунақа жазо тайинлашнинг имкони йўқ ва бўлмаган.

Катта эҳтимол билан судлар ушбу модда бўйича жазо тайинлаётганда Кодекснинг рус тилидаги вариантидан фойдаланишган бўлиши мумкин.

Қайд этиш жоизки, худди шу модданинг рус тилидаги матнида хатолик мавжуд эмас. Унда “қамоқ” жазоси белгилаб қўйилган:

Статья 228-1. Нарушение правил изготовления и использования государственных пробирных клейм

Незаконное изготовление, сбыт или использование, а равно подделка государственного пробирного клейма, совершенные из корыстной или иной личной заинтересованности, –
наказывается штрафом до пятидесяти минимальных размеров заработной платы или исправительными работами до двух лет, или арестом до шести месяцев.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (1)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига