29 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар жамият ҳаётининг турли соҳаларидаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Мажлис Мaмлaкaтимиздa дeмoкрaтик ислоҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ривoжлaнтириш концепциясини рўёбга чиқариш доирасида тайёрланган янги таҳрирдаги «Инвестиция фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама этишдан бошланди.
Ушбу ҳужжат хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқароларнинг инвестиция жараёнларидаги иштирокини кенгайтиришга, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлашга, инвестициялар киритиш учун қўшимча рағбатлар ва шароитлар яратишга, шунингдек, инвестицияларни рағбатлантириш, инвесторларнинг ҳуқуқ ва мулкларини ҳимоя қилиш усулларини кенгайтиришга қаратилган. Умуман олганда, ушбу қонун лойиҳаси хусусий инвестицияларни рағбатлантириш борасида муҳим ҳужжат бўлади ва инвестициялар соҳасидаги давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда ёрдам беради.
Қонуннинг амалдаги таҳририга инвестиция лойиҳасини рўёбга чиқаришда инвестицияларни амалга оширишни, инвестиция фаолиятини рағбатлантиришни тартибга солувчи янги моддалар киритилди. Бундан ташқари, инвестиция фаолиятининг объектлари ва субъектлари, инвесторларнинг ҳуқуқлари, инвестиция фаолияти субъектларининг ўзаро муносабатлари, марказлаштирилган ва марказлаштирилмаган инвестициялар, инвестиция жамғармалари, инвестиция фаолияти субъектлари ҳуқуқларининг кафолатлари каби ҳуқуқий тушунчаларни белгилаб берувчи моддалар, бошқа нормалар сезиларли равишда кенгайтирилди.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида ишчи гуруҳ ўндан ортиқ тадбир ўтказди. Тадбирларда барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари фаол иштирок этдилар. Улар томонидан депутатлар, экспертлар, олимлардан тушган барча таклифлар кўриб чиқилди.
Ҳар томонлама ва моддама-модда муҳокама якунларига кўра, Қонунчилик палатаси ушбу қонунни қабул қилди.
Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилади.