Yangi hujjatlar

Ғузор тумани ҳокими тўй ва маросимлар учун ош бериш вақтини чеклаш ҳақида қарор қабул қилди

Қашқадарё вилояти Ғузор тумани ҳокими Ш.Донаевнинг “Туман ҳудудида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори тасдиқланди. Қарор матни Ягона интерактив давлат хизматлари порталида эълон қилинди.

Тумани ҳокимининг қарорида таъкидланишича, туман ҳудудидаги тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчилик билан ўтказилиши кенг жамоатчиликни ташвишга солаётганлиги сабабли бундай ҳолатларга чек қўйиш, фуқаролар соғлиги ва хавфсизлигини таъминлаш асосий мақсаддир.

Шу мақсадда Ғузор туманида тўй-ҳашам, маросим ва оилавий тадбирларни ўтказишни мувофиқлаштирувчи Жамоатчилик Кенгаши тузилди.

Шунингдек, тумандаги давлат бошқаруви органлари, корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат унумдорлигини сақлаш мақсадида ресторан, ошхона,кафе ва тўйхоналарда иш кунлари тўй ва маросим муносабати билан соат 07.00 дан 09.00 гача ёки 12.00 дан 14.00 гача ош бериш мумкинлиги белгиланди. Ва ўз навбатида иш вақтида соат 09.00 дан 12.00 гача, 14.00 дан 18.00 гача ош бериш ҳамда соат 23.00 дан кейин тўй ва базмларни давом эттириш тақиқланди.

Бундан ташқари ҳоким қарорида туман ички ишлар бўлимига тўй-ҳашам муносабати билан келин-куёв ва уларнинг яқинлари туман ҳудудида айланиш ва суратга олиш тадбирларини тантанали ўтказишга жалб қилинадиган автомашиналар сонини 4 тадан ошмаган миқдорда бўлишини таъминлаш вазифаси топширилди.

Туман давлат солиқ инспекциясига ресторан, ошхона, кафе ва тўйхоналарда тўй-ҳашам ва турли маросимларни ўтказишда пластик карточкалар, нақд пул ўтказиш йўли ва банк кредити орқали ўтказиладиган тўловларни қабул қилишда ҳеч қандай чекловларсиз, бир хил белгиланган нархларда амалга оширилиши назоратга олиш вазифаси юкланди.

Туман маданият ва спорт ишлари бўлимига тўйларда санъаткорлар иштироки ва уларнинг кийиниш маданиятига риоя қилиниши, шунингдек хонанда ва раққосаларда тўй, юбилей ва бошқа тантаналарга хизмат кўрсатиш лицензияси мавжудлигини назоратга олиш вазифаси топширилди.

Шунингдек, раққосалик касбига номуносиб бўлган қиз-жувонларнинг тўй-ҳашам ва базмларга раққоса номи остида чиқишини қатъий чекланди.

Туман бош имом-хатиби ва тумандаги барча ҚФЙ ва МФЙ раисларига тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни ихчам ўтказишни, дабдабали ўтказилаётган тадбирларга сарфланаётган маблағларни кам таъминланган оилаларни моддий қўллаб-қувватлашга йўналтиришни тарғиб қилиш вазифаси юкланди.

Мазкур қарор “Ғузор ҳаёти” газетасида расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Гарчи туман ҳокимининг ушбу қарори оммавий муҳокама учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталига қўйилган бўлса-да, аммо ушбу қарорга фикр бериш имконияти мавжуд эмас. Шунингдек, “Ҳужжатнинг жорий ҳолати” деган қисмида “Тасдиқланган” белгиси мавжуд.

qaror-hokim-tuy

Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан скриншот

 

Туман ҳокими қарорининг расмий матни

Туман ҳокими қарорининг расмий матни

Туман ҳудудида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар,
маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига
бағишланган тадбирларни ўтказилишини
тартибга солиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 28 октябрдаги ПФ-2100-сон Фармони (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси 1998 й., 10-11-сон, 203-модда) ижросини таъминлаш ҳамда туман ҳудудидаги тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчилик билан ўтказилиши кенг жамоатчиликни ташвишга солаётганлиги сабабли бундай ҳолатларга чек қўйиш, фуқаролар соғлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 9-сон, 320-модда) 6-моддасига асосан,

ҚАРОР ҚИЛАМАН:

  1. Туман хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси, “Нуроний” жамғармаси туман бўлинмаси, Маънавият тарғибот маркази туман бўлими, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари билан биргаликда тўй-ҳашам, маросим ва оилавий тадбирларни ўтказишни мувофиқлаштирувчи Жамоатчилик Кенгашини тузиш таклифлари маъқулланиб, иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  2. Туман хотин-қизлар қўмитаси (Р.Эшкобилова), “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси (Ш.Махмудов), “Нуроний” жамғармаси туман бўлинмаси (Х.Нуриддинов), Маънавият тарғибот маркази туман бўлими (А.Абдирахманов) ва тумандаги барча ҚФЙ ва МФЙ раисларига:
  • жамоатчилик Кенгашининг мақсад ва вазифаларини белгилаб, ўтказиладиган тўй-ҳашам, маросим, оилавий тантаналар ва бошқа тадбирларни ўтказиш ҳолати юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, ҳамда тўй ва маросим эгалари билан ихчам, исрофгарчиликсиз ва белгиланган талаблар асосида ўтказиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш;
  • кенг жамоатчилик вакилларини жалб қилган ҳолда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни тартибга солиш ҳамда ихчам ва миллий қадриятлар асосида ўтказиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиб, тарғибот қилиш орқали жамият ҳаётига тадбиқ этиш;
  • тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар ва маросимларни ўтказиш бўйича жамоатчилик фикрини инобатга олмайдиган фуқароларни маҳалла фуқаролар йиғинига таклиф қилиш, ушбу масалани маҳалла ва меҳнат жамоасида муҳокама этиш, таъсир чорасини кўриш ва тушунтириш ишларини ўтказиш тизимини яратиш бўйича ишларни амалга ошириш тавсия этилсин.
  1. Туман бош имом-хатиби (А.Ганжиев) ва тумандаги барча ҚФЙ ва МФЙ раисларига:
  • тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни ихчам ўтказишни, дабдабали ўтказилаётган тадбирларга сарфланаётган маблағларни кам таъминланган оилаларни моддий қўллаб-қувватлашга йўналтиришни тарғиб қилиш;
  • диний ташкилотлар, имом-хатиблар тўйлар ва маросимлардаги маърузаларида аҳолининг эътиборини ёшлар тарбияси, ота-онанинг масъулияти, жамият ҳаётига хавф солаётган таҳдидларнинг олдини олиш, тинчлик ва мустақиллик неъматини асраш каби масалаларга қаратиши тавсия этилсин.
  1. Тумандаги давлат бошқаруви органлари, корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат унумдорлигини сақлаш мақсадида ресторан, ошхона,кафе ва тўйхоналарда иш кунлари тўй ва маросим муносабати билан соат 07.00 дан 09.00 гача ёки 12.00 дан 14.00 гача ош бериш ва аксинча иш вақтида соат 09.00 дан 12.00 гача, 14.00 дан 18.00 гача ош беришни таъқиқлаш, ҳамда соат 23.00 дан кейин тўй ва базмларни давом эттириш ҳолатларининг олдини олиш бўйича жамоатчиликнинг таклифлари қўллаб-қувватлансин.
  2. Туман Давлат солиқ инспекцияси (А.Мансуров)га:
  • ресторан, ошхона, кафе ва тўйхоналарда тўй-ҳашам ва турли маросимларни ўтказишда пластик карточкалар, нақд пул ўтказиш йўли ва банк кредити орқали ўтказиладиган тўловларни қабул қилишда ҳеч қандай чекловларсиз, бир хил белгиланган нархларда амалга оширилиши назоратга олинсин.
  1. Туман ички ишлар бўлими (А.Юлдошев)га:
  • барча ресторан, ошхона, кафе ва тўйхона эгалари тўй ва маросимларда фуқаролар ҳаётига хавф солувчи техникалар, кўргазмалар ва пиротехникадан фойдаланмаслик ҳамда тўйхона атрофида яшовчи аҳолининг тинчлиги бузилмаслиги учун тўй-ҳашамдан сўнг шовқинли ҳолатлар бўлмаслигини таъминлаш бўйича;
  • тўй-ҳашам муносабати билан келин-куёв ва уларнинг яқинлари туман ҳудудида айланиши ва суратга олиши жараёнида фуқаролар ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигига қатъий риоя этилишини назорат қилиш бўйича, шунингдек мазкур турдаги тадбирларни тантанали ўтказишга жалб қилинадиган автомашиналар сонини 4 тадан ошмаган миқдорда бўлишини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар белгиласин.
  1. Туман маданият ва спорт ишлари бўлими (М.Хайдаров)га:
  • тўйлар ва базмларда санъаткорлар иштироки ва уларнинг кийиниш маданиятига риоя қилиниши, шунингдек хонанда ва раққосаларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 ноябрдаги 498-сон қарори билан тасдиқланган “Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш тўғрисида”ги низом (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 31-сон, 380-модда) талабларига мувофиқ тўй, юбилей ва бошқа тантаналарга хизмат кўрсатиш лицензияси мавжудлиги назоратга олинсин ва раққосалик касбига номуносиб бўлган қиз-жувонларнинг тўй-ҳашам ва базмларга раққоса номи остида чиқиши қатъий чеклансин.
  1. Туман хотин-қизлар қўмитаси (Р.Эшкобилова), “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси(Ш.Махмудов), “Нуроний” жамғармаси туман бўлинмаси(Х.Нуриддинов), Маънавият тарғибот маркази туман бўлими (А.Абдирахманов), “Ғузор ҳаёти” газетаси (Б.Ҳасанов)ҳамда тумандаги маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари раислари, диний ташкилотлар имом-хатибларига ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ва кенг жамоатчилик ўртасидакенг тарғиб қилиш ва оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш тавсия этилсин.
  2. Мазкур қарор тумандаги барча ресторан, ошхона, кафе ва тўйхона эгаларига етказилсин ҳамда ижроси тўлиқ назоратга олинсин.
  3. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосарлари С.Ғаниев, Р.Эшқобиловалар зиммасига юклатилсин.
  4. Мазкур қарор “Ғузор ҳаёти” газетасида расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Туман ҳокими Ш.Донаев

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (108)
  • Йўқ (7)
  • Бироз (5)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига