Yangi hujjatlar

Автомашина ҳамда уй-жой олди-сотдиси учун нотариал харажатларни ҳисоблайдиган онлайн-калькулятор ишга тушди

Ҳар куни бўлмаса-да, кун ора бирон танишимиз, дўстимиз, қариндошларимиздан кимдир янги автомашина ёхуд уй-жой харид қилганлиги ёки сотганлиги ҳақида хабар эшитиб қоламиз.

Бундай олди-сотди масалаларидаги ҳал қилувчи босқичлардан бири, бу шартномани нотариус орқали тасдиқлатишдир. Табиийки, шу ўринда иккала тарафни ҳам қизиқтирадиган асосий савол нотариал ҳаракатлар учун қанча харажат кетишида бўлади десак асло муболаға бўлмайди.

Мавзуга доир факт: 2010 йил 5 майдаги Президент Фармони билан хусусий нотариуслар фаолияти тугатилган эди.

Мазкур эҳтиёжни ҳисобга олиб, Xushnudbek.uz сайтида нотариал ҳаракатлар учун тўловлар миқдорини автоматик ҳисоблаб берадиган онлайн-калькулятор яратилди.

Ушбу онлайн-калькуляторнинг афзаллиги шундаки, у барча харажатларни, хусусан давлат божи, герб йиғими, нотариуслар томонидан кўрсатиладиган қўшимча хизматларни автоматик тарзда ҳисоблайди. Шунингдек, чиққан натижани осонгина чоп этиб олиш ҳам мумкин.

Умид қиламанки, автомашина ёки уй-жой учун олди-сотди шартномасини тасдиқлатиш мақсадида нотариусга мурожаат қилмоқчи бўлсангиз, мазкур онлайн-калькуляторнинг Сизга фойдаси тегади.

Агарда мазкур дастур орқали чиққан тўловлар миқдори билан нотариус ҳисоблаб берган тўловлар миқдори ўртасида фарқ бўлса, унда ўша нотариусдан тўловлар миқдорига изоҳ беришни сўрашингиз мумкин. Мабодо Сизда нотариус томонидан ноқонуний равишда қўшимча ҳақ олинаётганлигига шубҳа пайдо бўлса, унда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг қуйидаги ишонч телефонларига қўнғироқ қилиб, вазиятга ойдинлик киритишингизни маслаҳат бераман:

(371) 1008, 233-47-68, 236-05-09.

ОНЛАЙН-КАЛЬКУЛЯТОРГА ЎТИШ

Дастурни тайёрлашда техник томондан катта ёрдам берган дастурчи Лутфидин Собировга ўзимнинг алоҳида миннатдорчилигимни билдираман.

Дастур муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган.

МАЪЛУМОТ ЎРНИДА

Нотариуслар томонидан тасдиқланадиган олди-сотди шартномаси учун давлат божини ҳисоблаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 03.11.1994 йилдаги «Давлат божи ставкалари ҳақида»ги қарорига асосан белгиланади.

Автомашина ва уй-жой олди-сотдисида давлат божини ҳисоблашда қуйидагиларга эътибор қаратилади:

Автомашиналар учун унинг от кучи миқдори ва чиқарилган йили асосий аҳамиятга эга. Уй-жойлар учун эса фақат турар жой майдони рол ўйнайди. Шунингдек, яқин қариндошлар ўртасида бўладиган олди-сотди анча арзонга тушади. Масалан, яқин қариндошлар ўртасидаги автомашиналар олди-сотдиси 20 баравар, уй-жой олди сотдиси эса 2 баравар арзонроққа тушади.

Келинг, яхшиси, бирон автомашинанинг давлат божини ҳисоблаб кўрамиз. Айтайлик, 2011 йилда ишлаб чиқарилган 81 от кучига эга бўлган “Spark” автомобили учун давлат божи 671 минг 328 сўм бўлади. Агар худди шу автомобиль яқин қариндошга сотилаётган бўлса, унда давлат божи 33 минг 566 сўм бўлади.

Ҳа, айтганча, автомобиль банк кредитлари асосида сотиб олинаётган бўлса, унда давлат божи одатдагидан арзонроқ бўлади. Масалан, юқоридаги “Spark” банк кредити ҳисобига олинаётган бўлса, унда давлат божи 67 минг 132 сўмга тенг келади.

Уй-жойлар учун давлат божи эса, биз ўйлаганимиздан анча арзонроқ. Масалан, турар жой майдони 100 кв.м.ли катта квартира учун давлат божи 118 минг 400 сўм бўлади. Одатда кўп қаватли уйларда жойлашган 4 хонали квартираларнинг турар жой майдони ўртача 60 кв.м. бўлади. Агар мана шу квартира сотилса, ёки харидор, ёки сотувчи давлатга 71 минг сўм бож тўлашига тўғри келади.

НОТАРИУСЛИК ФАОЛИЯТИГА ОИД МАҚОЛАЛАР
Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (80)
  • Йўқ (8)
  • Бироз (3)

Битта фикр

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига