Yangi hujjatlar

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди

2016 йил 8 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, таклиф этилган Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда, ЎзА хабар бермоқда.

1029041608

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни вақтинча юклаш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди.

Қўшма мажлис давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Т.Йўлдошев Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М.Мирзиёевнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида раҳбарлик лавозимларидаги кўп йиллик тажрибасини, аҳоли ўртасидаги ҳурмат-эътиборини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифа ва ваколатларини бажаришни унинг зиммасига вақтинча юклаш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклиф билан мурожаат қилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Т.Йўлдошевнинг мазкур таклифи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан маъқулланганлиги маълумот учун қабул қилинди.
Сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари, депутатлар ва сенаторлар ҳозирги шароитда барқарорликни сақлаш, жамоат хавфсизлигини ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, мамлакатни ривожлантиришнинг энг муҳим сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий масалаларини самарали ҳал этиш зарурлигини эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Т.Йўлдошевнинг таклифини қўллаб-қувватладилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига вақтинча юклаш тўғрисида қўшма қарор қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилишини ташкил этиш тавсия қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси шу билан ўз ишини якунлади.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (43)
  • Йўқ (14)
  • Бироз (6)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига