Yangi hujjatlar

Ғ.Абдумажидов. Тилимизнинг инжа мартабаси

Ушбу мақола “Тилга эътибор – элга эътибор” лойиҳаси доирасида чоп этилган. Лойиҳа ҳақида батафсил қуйидаги манзилда ўқинг.

 
– Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларимиз тил хусусиятларини ўрганиш, уларни сайқал топтириш имкониятларини ёритиш – миллий қонунчилигимиз истиқболини белгилашдаги долзарб масалалардан. Президентимиз Ислом Каримов кўрсатиб берганларидек, қабул қилинаётган ҳар бир янги қонунни таҳлил этиш ва шу асосда миллий қонунчилигимиз учун муҳим хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқиш, албатта, қонунларимизнинг тил хусусиятларини тадқиқ этишга, бошқа қонунларга ҳам татбиқ этса бўладиган хулоса ва тавсиялар тайёрлашга хизмат қилади.

Биргина мисол: ҳар қандай кўринишдаги ижтимоий хавфли хатти-ҳаракатни жиноят деб ҳисоблаш учун у қонуннинг қайси нормасида назарда тутилгани аниқланиши шарт. Шахс содир этган қилмиши учун фақат ЖК Махсус қисмидаги муайян ҳуқуқий норма (модда, модданинг қисми) асосида жавобгарликка тортилади. Жиноят иши бўйича тергов юртилаётганда ана шу норма аниқланган бўлиши лозим. Ижтимоий хавфли хатти-ҳаракат тўғри ва тўла тасвирланган нормани аниқлаш Россия қонунчилиги ва ҳуқуқий адабиётларида “квалификация деяний” деб аталади. Ўзбек тилига бу ибора кўп йиллардан буён қилмишни “квалификация қилиш”, “малакалаш” тарзида таржима қилиниб келар эди. Ваҳоланки, қилмишнинг малакаси бўлмайди, уни малакалаш эмас, мазмун-моҳиятини тавсифлаш мумкин.

Мустақилликка эришгандан буён ўзбек юридик атамашунослиги ва таржима назарияси беқиёс ривожланди. Қонунларимизнинг тилига эътибор кучайди. Жумладан, мамлакатимизнинг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларидан “жиноятнинг квалификацияси” ибораси чиқариб ташланди. Хусусан, ЖПКнинг 36, 37, 362, 382, 409 ва 488-моддаларида русча “квалификация” ўрнини “тавсиф”, яъни жиноятга хос аломатларни баён этиш тушунчаси эгаллади. Аммо баъзи юридик адабиётларда «қотилнинг қилмиши ЖК 97-моддаси билан квалификация этилади», «квалификацияланган жиноят» расмий ҳужжатларда ҳам “жиноят квалификацияси” тарзида ҳануз учраб турибди. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги 1-сонли “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш ама¬лиёти тўғрисида”ги қарорида ҳам бу ноўх¬шов сўз бир неча марта учрайди. Менимча, “жиноят қайси модда билан квалификация қилиниши лозим” дегандан кўра, “жиноят қайси моддада назарда тутилган, унинг тавсифи қайси моддада берилган”, дейилса тушунарли бўлади.

Умуман, юридик атамашуносликни такомиллаштириш, барча норматив материалларда соф тилимиз имкониятларидан кенг фойдаланиш миллий қонунчилигимизни ҳар хил ғализликлардан сақлабгина қолмай, муқаддас қадриятимиз – она тилимизни инжа мартабасига кўтарган бўлур эди.


Ғафур Абдумажидов,
юридик фанлар доктори, профессор

Ҳуқуқ ва бурч
2009 йил 10-сон
www.huquqburch.uz

Ушбу мақола матни “Yurida” қонунчилик базаси дастуридан олинган.

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (0)
  • Йўқ (0)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига