17 июль куни ОТМларга ҳужжат топширган абитуриентлар сони бутун республика бўйлаб 400 минг нафардан ошганлиги ҳақида хабар берган эдим.
Икки кун ичида абитуриентлар сони салкам 100 минг нафарга кўпайди.
ДТМ сайтидаги махсус саҳифада келтирилган маълумотларга кўра, мазкур хабар киритилаётган вақтда ҳужжат топширган абитуриентлар сони бутун республика бўйлаб, 481 081 нафарни ташкил қилмоқда.
Мазкур кўрсаткич ўтган йили қайд этилган рекорд натижадан ҳам кўпроқдир.
2013 йилда олий таълим муассасаларига абитуриентлардан тушган аризалар сони жами 480407 та бўлиб, шу жумладан, кундузги бўлимга 480163 та, сиртқи бўлимга 244 та ҳужжат қабул қилиниб, республика бўйича ўртача танлов 8,5 ни ташкил этган эди.
Ҳозирча республика бўйича қуйидаги ОТМларга энг кўп ҳужжат топширилган:
№ |
ОТМ номи |
Қабул квотаси |
Ҳужжат топширган абитуриентлар сони |
1 |
Термиз давлат университети |
1690 |
25457 |
2 |
Жиззах давлат педагогика институти |
1640 |
19963 |
3 |
Андижон давлат университети |
1405 |
19360 |
4 |
Қарши давлат университети |
1245 |
18728 |
5 |
Тошкент давлат педагогика университети |
1695 |
18163 |
Энг катта ўртача танлов эса, ҳар йилгидек Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалига бўлиб турибди. Ҳозирча мазкур ОТМга ажратилган битта ўринга ўртача 19,5 киши даъвогарлик қилмоқда. Энг юқори кўрсаткич, мазкур ОТМнинг 5111003 – “Касбий таълим: тиббий педагогик иш” йўналишида бўлиб, бир ўринга 31 нафар абитуриент даъвогарлик қилмоқда.
Маълумот учун, жорий йилда бакалаврлар тайёрлаш бўйича кундузги бўлимларга умумий қабул квотаси 57907, шу жумладан, давлат грантлари бўйича 19120 ва тўлов-контракт асосида 38787 нафар миқдорида белгиланган.
Ҳужжатлар 20 июль кунига қадар (ўша куни ҳам) қабул қилинишини ҳисобга олсак, жорий йилда абитуриентлар сони кутилганидек 500 минг нафардан ошиш эҳтимоли катта.