Yangi hujjatlar

АДВОКАТ

АДВОКАТ (лотинча advocatus, advocare – ёрдамга чақириш) – ҳуқукий маслаҳатлар, тушунтиришлар бериш, тергов ва суднинг барча босқичларида, давлат ва маҳаллий ҳокимият органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотларда, шахснинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи ва бошқа воситалар орқали малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи алоҳида мақомга эга бўлган юрист. ЎзР “Адвокатура тўғрисида”ги Қонунига (1996 й. 27 дек.) кўра, олий юридик маълумотли ва белгиланган тартибда адвокатлик фаолияти б-н шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия олган ЎзР фуқароси ЎзРда А. бўлиши мумкин. ЎзР “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги Қонунида (1998 й. 25 дек.) А.лик фаолияти б-н шуғулланиш ҳуқуқи, фаолиятининг асосий принциплари, А. қасамёди, ваколатлари, мустақиллигини таъминлаш, дахлсизлиги, А.лик фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги ва унинг ҳимояланишини таъминлаш, А.нинг ижтимоий ҳимояси чоралари ва б. белгилаб берилган. А. жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида: ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар ва тушунтиришлар, қонун ҳужжатлари юзасидан оғзаки ва ёзма маълумотлар беради; ҳуқуқий тусдаги аризалар, шикоятлар ва б. ҳужжатларни тузади; жиноий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича судда ҳимоячи, фуқаровий ва хўжалик ишлари бўйича судда ва бошқа давлат органларида жисмоний ва юридик шахслар номидан вакилликни амалга оширади; жиноят ишлари бўйича суриштирувда, дастлабки терговда ва судда ҳимоячи; жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгарнинг вакили сифатида қатнашади (Қонуннинг 5-м. 1–қ. ва ЖПК 49–53-м.лари). А. жиноят иши бўйича ўз вазифасини амалга ошириш муносабати б-н билган маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас (ЖПКнинг 53-м. 3–қ.). “Адвокатура тўғрисида”ги Қонунда “адвокат ҳимоячилик ёки вакиллик вазифасини бажараётганда ўзига маълум бўлиб қолган тафсилотлар юзасидан гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмас”лиги қатьий белгиланган (10-м. 2–қ.). А. касбий фаолиятини амалга ошириш чоғида қуйидаги ҳуқуқларга эга: тегишли масалаларни ҳал этишга ваколатли бўлган барча органлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг топшириғига мувофиқ уларнинг манфаатларини ифода этиш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш; судларда, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқаётган органларда далил сифатида фойдаланиши мумкин бўлган фактлар тўғрисидаги маълумотларни тўплаш; юридик ёрдам кўрсатилиши муносабати б-н давлат органларидан ҳамда жамоат бирлашмаларидан зарур бўлган маълумотномалар, тавсифномалар ва б. ҳужжатларни сўраш ва олиш; унга ваколат берган ёки унинг ҳимоясидаги шахснинг манфаатларини кўзлаб иш юритаётган судга ва б. давлат органларига тўпланган материалларни тақдим этиш; мансабдор шахсларга илтимоснома ва шикоят бериш ҳамда улардан ёзма тарзда асослантирилган жавоб олиш; қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни бажариш. Жиноят ишини кўриб чиқишда қатнашишга тайинланган А. фуқаронинг тўловга қобилиятсизлигини важ қилиб, унга юридик ёрдам кўрсатишдан бош тортишга ҳақли эмас. А. давлат хизматида туриши мумкин эмас. Қонуннинг 9-м.да у А.лик сирини сақлаши шартлиги алоҳида таъкидланган. А. ўз касбий вазифаларини бажараётганида унга бирор–бир шаклда таъсир ўтказишга йўл қўйилмайди, А.лик далиллари (ашёлари), ҳужжатлари ундан олиб қўйилиши ёки кўздан кечирилиши, шунингдек, юридик ёрдам кўрсатаётган шахслар б-н учрашиш ҳуқуқи чекланиши, унинг иш юзасидан ҳуқуқий нуқтаи назари хусусида суриштирув органи, терговчи, прокурор тақдимнома киритиши, шунингдек, суд хусусий ажрим чиқариши мумкин эмас. (муал. – Ғ.Абдумажидов)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига