Yangi hujjatlar

АХБОРОТЛАШТИРИШ ҚОИДАЛАРИНИ БУЗИШ

АХБОРОТЛАШТИРИШ ҚОИДАЛАРИНИ БУЗИШ – ахборотлаштириш – юридик ва жисмоний шахсларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ҳамда ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда шароит яратишнинг ташкилий ижтимоий–иқтисодий ва илмий–техникавий жараёни.

А.қ.б. – ахборот тармоғидан рухсатсиз фойдаланишда; фойдаланишга рухсати бўлгани ҳолда ҳимоя чораларини кўрмасликда; ахборотлар тармоғидан қонунга хилоф равишда ахборотлар олишда; ахборотлаштириш тизимидан фойдаланишга рухсати бўлгани ҳолда ундаги маълумотларни қасддан ўзгартириш, йўқотиш, олиб ташлаш ёки йўқ қилиб юборишда ифодаланади.

МЖКга мувофиқ ахборотдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган (155-м.). Жумладан, ахборот тизимидан фойдаланиш мақсадида унга рухсатсиз кириб олишда ифодаланган ахборот ва ахборот тизимларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш, – фуқароларга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса – бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ахборот тизимларининг ишини бузишга олиб келган худди шундай ҳуқуқбузарлик, худди шунингдек, кириш чекланган ахборот тизимларини ахборот–ҳисоблаш тармоқларига улаш чоғида тегишли ҳимоя чораларини кўрмаганлик, – фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса – уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг ахборот тизимларини халқаро ахборот тармоқларига қонунга хилоф равишда улаш, бу тармоқларга тегишли ҳимоя чораларини кўрмасдан уланиш, шунингдек, улардан маълумотларни қонунга хилоф равишда олиш, – фуқароларга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзганинг электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастури ёки маълумотлар базасини ўз номидан чиқариш ёхуд қонунга хилоф равишда ундан нусха олиш ёки бундай асарларни тарқатиш, – фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса – уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. (муал. – И.Зокиров)

 

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига