Yangi hujjatlar

АЛОҲИДА МУҲОФАЗА ЭТИЛАДИГАН ҲУДУДЛАР

АЛОҲИДА МУҲОФАЗА ЭТИЛАДИГАН ҲУДУДЛАР – ерлар ва сув кенгликлари (акваториялар) нинг устувор экологик, илмий, маданий, эстетик, санитария соғломлаштириш аҳамиятига молик қисмлари. А.м.э.ҳ. ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини, минерал сувлар ҳамда табиат ёдгорликларини сақлаш учун ўта экологик, илмий, маданий, эстетик, санитария, соғломлаштириш аҳамиятига эгадир. А.м.э.ҳ. ерлари давлатнинг тегишли органлари томонидан қонунда белгиланган тартибда табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация, тарихий–маданий мақсадлар учун ажратиб берилган ер майдонлари ҳисобланади. Алоҳида муҳофаза этиладиган ҳудудлар ерларининг ҳуқуқий ҳолатидаги ўзига хос хусусиятларни қуйидагиларда кўриш мумкин:1) Алоҳида муҳофаза этиладиган ҳудудлар ерлари мамлакатимиз ер фондида мустақил тоифани ташкил этиб, махсус белгиланган мақсадда, тегишли вазифаларни бажариш учун хизмат қилади; 2) Ушбу тоифа ерлар табиатнинг табиий, эстетик, шифобахш, маданият, архитектура омилларига эга бўлган ҳудудларида ажратиб берилади; 3) Алоҳида муҳофаза этиладиган ҳудудлар ерлари хўжалик мақсадларида фойдаланилмайди; 4) Бу тоифа ерлардан ва унинг атрофида жойлашган ерлардан фойдаланиш ва муҳофаза этишнинг алоҳида ҳуқуқий тартиби белгиланади. Мас., курорт зоналари атрофида унинг даволаш хусусиятига салбий таъсир этувчи фаолият б-н шуғулланиш ман этилади; 5) Бу ерларни бошқарувчи органлар турли–туманлиги б-н ажралиб туради. А.м.э.ҳ. нафақат давлат органлари, балки жамоат органлари б-н ҳам бошқарилиши мумкин; 6) Алоҳида муҳофаза этиладиган ҳудудлар ерларидан доимий фойдаланувчи субъектлар бўлиб фақат корхона, муассаса ва ташкилотлар, яъни юридик шахслар ҳисобланадилар. Фуқаролар эса фақат иккиламчи ердан фойдаланувчилар бўлишлари мумкин; 7) Алоҳида муҳофаза этиладиган ҳудудлар ерлари ижарага берилиши мумкин эмас; 8) Ушбу тоифа ерлардан фойдаланувчилар ер солиғи тўлашдан озод қилинадилар; 9) Алоҳида муҳофаза этиладиган ҳудудлар ерлари давлат мулки ҳисобланади, шунинг учун улар олди–сотди қилиниши, гаров, совға, ҳадя ёки бошқа турдаги айирбошлаш объекти бўлиши мумкин эмас. (муал. – Ҳ.Бобоев)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига