Yangi hujjatlar

Амнистия қачон эълон қилинади?

Хабарингиз бор, ҳар йили республикамизда давлат ва жамият ҳаётида муҳим ўрин тутувчи байрамлар ва саналар арафасида халқимизга хос бўлган кечиримлилик, инсонпарварлик, бағрикенглик каби азалий қадриятларимизни ўзида мужассам этган ҳужжат – амнистия акти қабул қилиб келинмоқда. Жумладан, мамлакатимиз мустақиллиги байрами, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилиниши ва бошқа тадбирлар муносабати билан истиқлол йилларида жами 25 та амнистия тўғрисидаги фармон ва қарорлар эълон қилинди. Ушбу сиёсий-ҳуқуқий актларга мувофиқ озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ жойларидаги маҳкумлар озод этилгани ва айримларининг ўталмай қолган жазо муддатларининг қисқартирилгани ҳақиқий маънодаги инсонпарварлик намунасидир.

«Амнистия» сўзи грек тилидан олинган бўлиб, гуноҳдан ўтиш, кечириш деган маънони англатади. Юридик нуқтаи назардан қараганда, амнистия акти бирон-бир ҳуқуқбузарлик, яъни маъмурий ёки жиноий қилмиш содир этган шахсларга нисбатан қўлланиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатдир.

Шу ўринда савол туғилади: амнистия акти қандай тартибда қабул қилинади?

Мавжуд қонунчилигимизга биноан амнистия акти Президент тақдимномасига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан қабул қилинади.

Батафсилроқ тўхталадиган бўлсам, Конституциямизнинг 93-моддаси 23-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Президенти «Амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш ҳақида Олий Мажлис Сенатига тақдимнома киритиш» ҳуқуқига эга. Олий Мажлис Сенати эса, Конституциямизнинг 80-моддаси 10-бандига кўра, мазкур тақдимнома асосида ўзининг мутлақ ҳуқуқларидан бири ҳисобланган «амнистия тўғрисидаги ҳужжатни» қабул қилади. Яъни Сенатнинг ялпи мажлисида амнистия тўғрисидаги масала сенаторлар томонидан муҳокама қилиниб, у ҳақда қарор қабул қилинади.

Ҳозирда кўпчиликни қизиқтираётган ва кўп бора берилаётган саволлардан бири, бу – “Мазкур йилда амнистия қачон қабул қилинади?” деган савол.

Бу саволнинг жавоби қуйидагича:

Юқоридаги қонунчилик нормаларидан аён бўлдики, амнистия қабул қилиниши учун асосий шартлардан бири бу Сенатнинг ялпи мажлиси ўтказилиши ва унда сенаторлар томонидан амнистия акти муҳокама қилингандан кейингина қабул қилинишидир. Олий Мажлис Сенатининг матбуот хизмати берган хабарга кўра, жорий йилдаги навбатдаги ялпи мажлис 13 ноябрь куни бўлиб ўтади.

Мазкур ялпи мажлис жорий йилдаги энг сўнги ялпи мажлис бўлиш эҳтимоли катта. Одатда Сенатнинг ялпи мажлислари декабрь ойининг биринчи ярмида ўтказилар эди. Аммо жорий йилнинг 21 декабрь куни Қонунчилик палатасига сайловлар бўлиб ўтиши муносабати билан ялпи мажлис ўтказилиш санаси вақтлироққа белгиланган. Қонунчиликка кўра, 16 ноябрь куни депутатликка номзодларни рўйхатга олиш якунланади ва номзодларнинг сайлов кампанияларига старт берилади.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Сенатнинг ялпи мажлиси 13 ноябрь кунига белгиланганлигини тахмин қилиш мумкин.

Энди асосий саволга қайтамиз. Агарда жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 22 йиллиги муносабати билан амнистия эълон қилинадиган бўлса, унда ушбу амнистия акти 13 ноябрь куни Сенат томонидан имзоланиши мумкин.

Эслаб қолинг: ҳозирча Сенатнинг 16 ялпи мажлисининг кун тартиби батафсил эълон қилинмаганлиги учун амнистия эълон қилиниш санаси – оддий бир мутахассис тахмини холос.

АМНИСТИЯ АКТИ ҲАҚИДА ҚИЗИҚАРЛИ МАЪЛУМОТЛАР

Юқоридаги айтганимдек, мустақиллик йилларида жами 25 та амнистия акти қабул қилинди. Шундан 16 таси, аниқроқ айтадиган бўлсам, 1991 йилдан токи 2004 йилгача бўлган даврда, Президент Фармони асосида қабул қилинди. 2005 йилдан юртимизда икки палатали Парламент ташкил этилгач, мазкур ваколат айнан Сенатнинг мутлақ ваколатларидан бири сифатида Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилди. Ўтган давр мобайнида Олий Мажлис Сенати томонидан 9 та амнистия акти қабул қилинди.

Илк амнистия акти 1991 йил 31 августда Президентимиз томонидан «Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги эълон қилиниши муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Фармони асосида эълон қилинганди.

Одатга кўра амнистия акти бир йилда бир марта эълон қилинади. Лекин истисно тарзида 1992 ҳамда 2003 йилларда бир йилда икки марта амнистия акти эълон қилинган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, амнистия билан боғлиқ ҳужжатнинг муҳимлиги, уни амалиётда қўллашда бирон-бир хатоликка йўл қўймаслик, тушунмовчиликлар келиб чиқмаслиги учун амнистия тўғрисидаги актни қабул қилиш баробарида, мазкур ҳужжатни қўллаш билан боғлиқ низомлар тасдиқланади.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, истиқлол йилларида қабул қилинган амнистия тўғрисидаги ҳужжатлар йилдан-йилга моҳият жиҳатидан ўзгариб, такомиллашиб бормоқда. Аниқроқ айтадиган бўлсак, бу акт мазмун жиҳатидан аниқ ва лўнда, шакл жиҳатидан эса, маълум тизимга келтирилган бўлиб, унда умумий хусусиятдаги қоидалар акс этмоқда.

Хўш, ўтган йилларда амнистия актига қандай ўзгаришлар киритилган?

1998 йилдан бошлаб амнистия ҳужжати билан маълум бир тоифадаги маҳкумларга нисбатан жазонинг ўталмай қолган қисмини қисқартиришга оид қоида жорий этила бошланди, яъни озодликдан маҳрум қилиш каби жазоларнинг учдан бир ёки тўртдан бир қисми қисқартирилгани уларнинг ахлоқан тузалиш йўлига тезроқ ўтиши учун имкон яратмоқда. Илгари бундай қоида йўқ эди. Ёки бутунлай озодликка чиқарди, ёки ҳеч нарса ўзгармасди.
Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Фармонидан (2000 йил) бошлаб ҳозирга қадар амнистия ҳужжатларида, мазкур ҳужжат таъсирига тушган чет эл фуқароларини жазодан озод этишга алоҳида эътибор бериб келинмоқда.

«Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Фармондан (2001 йил) бошлаб эса, тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибидаги тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар жазодан озод этилиши йўлга қўйилган.

Шунингдек, 2008 йилда қонунчилигимизга киритилган ўзгаришга биноан, амнистия ҳужжатини қўллаш масаласининг фақат судлар томонидан ҳал қилинишининг белгилангани ҳам катта аҳамиятга эга.

Мустақиллик йилларида қабул қилинган барча амнистия актлари ҳақида маълумот

download Барча амнистия актларини юклаб олиш

Президент Фармони асосида

Амнистия акти номи

Қабул қилинган сана

1

Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллиги эълон қилиниши муносабати билан Амнистия тўғрисида

31.08.1991

2

Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар ташкилотига аъзо бўлгани муносабати билан Амнистия тўғрисида

06.04.1992

3

Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллиги эълон қилинганлигининг бир йиллиги муносабати билан Амнистия тўғрисида

28.08.1992

4

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг бир йиллиги муносабати билан авф этиш тўғрисида

07.12.1993

5

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг уч йиллиги муносабати билан авф этиш тўғрисида

19.08.1994

6

Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 50 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида

03.05.1995

7

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги эълон қилинганининг беш йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида

07.08.1996

8

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг беш йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида

03.12.1997

9

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг олти йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида

01.12.1998

10

9 майни Хотира ва Қадрлаш куни деб эълон қилиниши муносабати билан амнистия тўғрисида

30.04.1999

11

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги эълон қилинганининг тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида

28.08.2000

12

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги эълон қилинганининг ўн йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида

22.08.2001

13

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида

03.12.2002

14

Биринчи марта озодликдан маҳрум этишга судланган шахсларнинг жазо ўташ шароитларини либераллаштириш тўғрисида

26.09.2003

15

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн бир йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида

01.12.2003

16

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн икки йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида.

01.12.2004

Олий Мажлис Сенати Қарори асосида

Амнистия акти номи

Қабул қилинган сана

17

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн уч йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида

02.12.2005

18

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида

30.11.2006

19

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн беш йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида

30.11.2007

20

Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн етти йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида

28.08.2008

21

Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн саккиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида

28.08.2009

22

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида

28.08.2010

23

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида

05.12.2011

24

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида

05.12.2012

25

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма бир йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида

12.12.2013

26

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида

14.11.2014

 

 

______________________
Мақолани тайёрлашда қуйидаги илмий мақолалардан қисман фойдаланилди:

1. Светлана Ортиқова. “Амнистия – бағрикенглик ифодаси” // Huquq va burch, 2013 йил, №1
2. Мавжуда Ражабова, Шоазиз Бердиев. “Амнистия акти: инсонпарварлик принципига содиқлик” // Олий суд ахборотномаси, 2013 йил, №2

Мазкур мақола Сизга манзур бўлдими?
  • Ҳа (6)
  • Йўқ (1)
  • Бироз (0)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига