Yangi hujjatlar

АСОСИЙ ЖАЗОЛАР

АСОСИЙ ЖАЗОЛАР – жиноят содир этишда айбли деб топилган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо турлари. Улар қуйидагилардан иборат: 1) жарима – айбдордан суд ҳукмига кўра давлат ҳисобига ЖКда белгиланган миқдорда пул ундириш. Жарима энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваридан олти юз бараваригача миқдорида белгиланади. Агар маҳкум жазо тариқасида тайинланган жаримани тўлашдан уч ой мобайнида бўйин товласа, суд жариманинг тўланмаган миқдорини ахлоқ тузатиш ишлари, хизмат бўйича чеклаш ёки қамоқ тариқасида жазо б-н алмаштиради; 2) муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш – суд тайинланган муддат давомида айбдорнинг корхона, муассаса ёки ташкилотларда у ёки бу мансабни эгаллашни, ёхуд у ёки бу фаолият б-н шуғулланишини тақиқлаш. Тақиқланган мансаб ёки бу фаолият тури суд томонидан айблов ҳукмида кўрсатилади; 3) ахлоқ тузатиш ишлари – шахс иш ҳақининг ўн фоизидан ўттиз фоизигача миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда уни мажбуран меҳнатга жалб қилиш. Маълум ҳуқуқлардан маҳрум қилиш – айбдорнинг мансаби ёки иш фаолияти б-н бевосита боғлиқ бўлган жиноятни содир этганлиги учун асосий жазо тариқасида тайинланганида – бир й.дан беш й.гача муддатга, қўшимча жазо тариқасида қўлланилганида – бир й.дан уч й.гача қўлланилади; 4) хизмат бўйича чеклаш – офицерлар таркибига кирувчи ҳарбий хизматчи, прапоршик, мичман ва ҳарбий хизматни контракт бўйича ўтаётган ҳарбий хизматчини суд ҳукмида кўрсатилган муддат давомида муайян ҳуқуқ ва имтиёзлардан маҳрум қилиб, пулни давлат даромади ҳисобига ушлаб қолишдан иборатдир. Хизмат бўйича чеклаш жазоси ЖК Махсус қисмининг тегишли м.да назарда тутилган ҳолларда икки ойдан уч й.гача муддатга қўлланилади; 5) қамоқ – шахсни жамиятдан батамом ажратган ҳолда сақлаш. У бир ойдан олти ойгача муддатга белгиланади; 6) интизомий қисмга жўнатиш – муддатли ҳарбий хизматларни суд томонидан белгиланган муддат мобайнида ички тартиби анча қаттиқ махсус ҳарбий қисмга жойлаштириш орқали, ЖК Махсус қисмининг тегишли м.да назарда тутилган ҳолларда уч ойдан бир й.гача муддатга қўлланилади; 7) озодликдан маҳрум қилиш – маҳкумни жамиятдан ажратиб, жазони ижро этиш колонияси ёки турмага жойлаштириш. Озодликдан маҳрум қилиш олти ойдан йигирма й.гача муддатга белгиланади. Озодликдан маҳрум қилиш ЖКнинг 60-м.да назарда тутилган бир неча жазоларни қўшиш тартибида тайинланади, унинг муддати йигирма беш й.гача белгиланиши мумкин; 8) ўлим жазоси (отиб ўлдириш жазоси ) фақат жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш (97-м., 2–қисм), терроризм (155-м., 3–қисм) учун белгиланиши мумкин. Ўлим жазоси аёлларга, олтмиш ёшдан ошган эркакка ва ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсга нисбатан тайинланиши мумкин эмас. Ўлим жазоси афв тартибида йигирма беш й. муддатга озодликдан маҳрум қилиш б-н алмаштирилиши мумкин. (муал. – И.Беков)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига