Yangi hujjatlar

АТТЕСТАЦИЯ

АТТЕСТАЦИЯ – 1). Ходимлар малакасини аниқлаш усулларидан бири. Қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ва тартибларда иш берувчи томонидан ўтказилади. Давлат хизматчиларининг айрим тоифаларини А.дан ўтказиш Ўзбекистон ҳукумати қарори асосида амалга оширилади ва бу давлат аппаратини ихчамлаштириш ҳамда такомиллаштириш тадбирларининг бир қисми бўлиб саналади. А. ходимлар малакаси, меҳнат самарадорлигини аниқлашга хизмат қилади. А.нинг навбатдан ташқари ўтказилишига белгиланган тартибда йўл қўйилади. А. комиссиясининг ходим малакаси ва иш фаолияти самарадорлиги ҳақида берган салбий хулосаси иш берувчига бундай ходимни қонунда белгиланган асосга кўра (МК нинг 100-м., 2–қ., 2–б.) ишдан бўшатиш ҳуқуқини беради. Ходим А. натижалари устидан шикоят қилиши мумкин. 2). Меҳнат шарт-шароитлари меҳнат муҳофазаси талаблари нуқтаи назаридан иш жойларини баҳолаш усули, Иш жойларини аттестациядан ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган муддат ва тартибларида иш берувчи томонидан тузилган иш жойларини аттестация қилиш комиссияси томонидан амалга оширилади. Иш жойлари аттестацияси натижасида корхонада мавжуд бўлган зарарли ва ноқулай ишлар аниқланади ва уларнинг рўйхати жамоа шартномасига илова қилинади. Ушбу рўйхат ана шундай иш жойларида банд бўлган ходимларга имтиёзлар (иш вақти, таътил, муҳофаза чоралари ва ҳ.к.) берилишига асос бўлади. (муал. – М.Усмонова)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига