Yangi hujjatlar

БАНК СИРИ

БАНК СИРИ – банк томонидан муҳофаза қилинадиган маълумотлар: ўз мижозларининг (вакилларининг) операциялари, ҳисобварақлари ва омонатларига доир маълумотлар; банк ўз мижозига (вакилига) банк хизматлари кўрсатиши муносабати б-н мазкур мижоз (вакил) тўғрисида олган маълумотлар; мижознинг (вакилнинг) банк сейфлари ва биноларида сақлаб турилган мол-мулки, унинг хусусияти ва қиймати ҳақидаги маълумотлар; мижоз (вакил) топшириғига биноан ёки унинг фойдасини кўзлаб амалга оширилган банклараро операциялар ва битимлар тўғрисидаги маълумотлар; банк сирини ташкил этувчи маълумотларнинг банклар ўртасида муомалада бўлиши натижасида маълум бўлиб қолган, бошқа банкнинг мижозига (вакилига) доир маълумотлар. Б.с.ни ташкил этувчи маълумотлар мижознинг (вакилнинг) ўзига, у ваколат берган вакилларга, шунингдек, қонунда белгиланган тартибда бошқа шахсларга тақдим этилади. ЎзР Ҳисоб палатаси б.с.ни ташкил этувчи маълумотларни, агар бу маълумотлар унинг зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириши учун зарур бўлса, олишга ҳақлидир. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўз мижозлари ҳақидаги б.с.ни ташкил этувчи маълумотларни қонунда белгиланган тартибда тақдим этади. Б.с.ни ташкил этувчи маълумотлар прокуратура, тергов ва суриштирув органларига мазкур банк мижозига (вакилига) нисбатан қўзғатилган жиноят иши мавжуд бўлган тақдирда, етказилган зарар ундириб олинишини ёки унинг мол-мулки хатланишини таъминлаш мақсадида терговчи ёхуд суриштирувчининг асослантирилган қарорига биноан прокурор санкцияси б-н тақдим этилади. Б.с.ни ташкил этувчи маълумотлар судга унинг ёзма сўрови асосида, мазкур банк мижозига (вакилига) нисбатан суднинг иш юритувидаги ишлар бўйича тақдим этилади. Б.с.ни ташкил этувчи маълумотлар суд ижрочисига унинг ёзма сўрови асосида, суднинг ундирувни мазкур банк мижозининг (вакилининг) мол-мулкига қаратиш тўғрисидаги ёки мижознинг (вакилнинг) мол-мулкини хатлаш ҳақидаги қонуний кучга кирган қарори бўлган тақдирда тақдим этилади. Б.с.ни ташкил этувчи маълумотлар давлат солиқ хизмати органларига банк мижозига (вакилига) солиқ солиш масалаларига тааллуқли ҳолларда қонун ҳужжатларига мувофиқ тақдим этилади. (муал. – И.Зокиров) (муал. – А.Ли)

Фикр билдиринг

yoki
Saytga kirganingizdan so‘ng fikr bildirish imkoniyatiga ega bo‘lasiz
Юқорига